Иқтисодиёт | 21:50 / 24.03.2026
3188
4 дақиқада ўқилади

Олтин кескин арзонлашди. Сабаб нима?

Март ойининг ўрталарида олтин кетма-кет тўққиз кун арзонлашди ва 1983 йилдан бери энг ёмон ҳафтани ўтказди. Январ ойининг охирида 5600 долларгача кўтарилган нархлар 4100 долларгача пасайди. Қимматбаҳо металл нархининг ўзгариши Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги ишлаб чиқариш даражаси ҳисобга олинса, йиллик нархларнинг ўртача 100 долларга қимматлашиши олтин экспортидан келадиган даромадларни тахминан 380 млн долларга кўпайтириши мумкин.

Фото: Bloomberg

Геосиёсий вазиятнинг ёмонлашиши ёки иқтисодий беқарорлик, масалан, урушлар, сиёсий ёки молиявий инқирозлар олтин нархини оширади. Шу сабабдан сўнгги йилларда қимматбаҳо металл баҳоси кескин қимматлашди. 2026 йилнинг 28 январ куни нархлар 5608 долларгача кўтарилди. Аммо март ойининг ўрталарида олтин кетма-кет тўққиз кун арзонлашди ва 1983 йилдан бери энг ёмон ҳафтани ўтказди. Сабаб нима?

Олтин нега кескин арзонлади?

Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши фонида глобал миқёсида нефт етказиб беришда узилишлар кузатиляпти. Жаҳон нефт экспортининг қарийб бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозида кема қатнови деярли тўхтаб қолди, бу эса ёнилғи нархларининг кўтарилишига сабаб бўляпти. Глобал инфляция кучайди. Натижада марказий банклар, хусусан, АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтиришни кечиктиришга мажбур бўляпти. Агар йирик марказий банклар фоиз ставкаларини юқори даражада ушлаб турса ёки давлат облигациялари бўйича даромадлилик ошса, сармоядорлар ўз маблағларини фоиз келтирмайдиган олтиндан кўра, кафолатланган даромад келтирувчи облигацияларга йўналтиришни афзал кўришади.

Шунингдек, март ойи бошидан бери доллар 2 фоизга мустаҳкамланди. АҚШ доллари бошқа асосий валюталарга нисбатан кучайганда, олтин нархи одатда пасаяди. Доллар қанчалик қиммат бўлса, бошқа валютада харид қилувчилар учун олтин шунчалик қимматга тушади, бу эса глобал талабни сусайтиради.

Агар халқаро майдондаги сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар, масалан, савдо урушлари ёки минтақавий можаролар, қисман барқарорлашган бўлганда ҳам инвесторларда «хавфсизлик бандаргоҳи»га бўлган эҳтиёж камаяди. Бу эса хавфлироқ, аммо даромадлироқ бўлган акциялар бозорига капитал оқиб йўналтирилишига олиб келади.

Олтин нархининг Ўзбекистонга таъсири

Бир неча кун олдин Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳақидаги маълумотларни янгилади. 1 март ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро активлари 77,1 млрд долларгача ошди. Бу мутлақ рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг 67,6 млрд доллари ёки қарийб 88 фоиз қисми айнан олтин ҳиссасига тўғри келган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатида халқаро активлар 41,2 млрд доллар, унинг таркибида олтиннинг улуши 32 млрд доллар бўлган. Яъни нархларнинг қимматлашиши ҳисобига Ўзбекистоннинг олтин активлари 14 ой ичида 87 фоизга ёки 35,9 млрд долларга кўпайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи мамлакатлардан биридир. Хусусан, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2023 йилда эса 8,2 млрд долларлик, 2024 йилда 7,5 млрд долларлик олтин сотилган. 2025 йилда бу 9,9 млрд долларгача ошди. 

Агар йил давомида олтиннинг ўртача нархи унцияси учун 5000 долларни ташкил этган тақдирда Ўзбекистон 2026 йилда 18,9 млрд долларлик, 4500 долларни ташкил қилган тақдирда 17 млрд долларлик, 4000 долларни ташкил этган тақдирда эса 15,2 млрд долларлик қимматбаҳо металл экспортини амалга ошириши мумкин. Шу жиҳатдан нархларнинг қимматлашиши бевосита мамлакат бюджет даромадлари ва валюта курсининг барқарорлашишига катта таъсир ўтказади.

Маълумот учун, 2025 йил якуни бўйича Ўзбекистонда олтин қазиб олишнинг йиллик кўрсаткичи 118 тоннага етказилиши айтилганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид