Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саудия АҚШга авиабазани очди, БАА эса Эрон активларини чекламоқда
Ар-Риёд АҚШга “Қирол Фаҳд” авиабазасидан фойдаланишга рухсат берди ва жанговар ҳаракатларга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилиш арафасида турибди. БАА эса Дубайдаги Эрон муассасаларини ёпди ва Эрон активларини музлатишга тайёр, деб хабар қилди The Wall Street Journal.
Фото: Win Mcnamee/Getty Images
АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчилари Эронга қарши урушга аста-секин жалб этилмоқда. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси 23 март, душанба куни манбаларга таяниб хабар берди. Нашр маълумотига кўра, тўхтовсиз ҳужумлар бу давлатлар иқтисодиётига жиддий зарар етказган ва Теҳронга Ҳўрмуз бўғози устидан узоқ муддатли назорат ўрнатиш имконини бериши мумкин.
Нашр суҳбатдошларининг айтишича, Саудия Арабистони яқинда Америка кучларига Арабистон яриморолининг ғарбида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги авиабазадан фойдаланишга рухсат берган. Ҳолбуки, жанговар ҳаракатлар бошланишидан олдин подшоҳлик ўз ҳудуди ёки ҳаво маконидан Эронга зарба бериш учун фойдаланишга йўл қўймаслигини билдирган эди.
Манбаларга кўра, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон энди тийиб туриш сиёсатини қайта тиклашга интилмоқда ва жанговар ҳаракатларга қўшилиш ҳақида қарор қабул қилишга яқин турибди. Улардан бири: “Бу фақат вақт масаласи”, деган. “Саудия Арабистонининг Эрон ҳужумларига нисбатан сабри чексиз эмас. Кўрфаз давлатлари жавоб қайтара олмайди, деб ўйлаш катта хато бўлади”, деди подшоҳлик ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон ўтган ҳафта.
Бирлашган Араб Амирликлари эса, ўз навбатида, Эрон активларини чеклашга киришди. Бу Теҳрон раҳбариятининг муҳим молиявий манбаларидан бирига зарба бериши мумкин. Шу билан бирга, можарода ҳарбий иштирок этиш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда. Дубай Эрон касалхонаси ва Эрон клубини ёпди. Ҳукумат иддаосига кўра, бу муассасалар “БАА қонунчилигини бузган ҳолда режим ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси манфаатларида фойдаланилган”.
Кўп йиллар давомида Эрон бизнеси учун молиявий ҳаб вазифасини ўтаб келган БАА, шунингдек, миллиардлаб долларлик Эрон активлари музлатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу қадам Теҳроннинг хорижий валюта ва жаҳон савдо тармоқларига чиқиш имкониятини жиддий равишда чеклаши мумкин.
WSJ манбалари таъкидлашича, Эрон қўшни давлатларни ҳаракат қилишга мажбур этмоқда, хусусан, уруш тугагач Ҳўрмуз бўғозини бошқаришда ўзига алоҳида ўрин талаб қилаётгани билан. Манбаларга кўра, Теҳрон ўтаётган кемаларга ҳужум қилиб, айрим танкерларни эса ўтказиб юбориш орқали бўғозни амалда тўсиб қўйган.
Манбаларнинг айтишича, Эрон томони араб амалдорларига Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун ҳақ ундириш нияти борлигини маълум қилган. Бу Мисрнинг Сувайш канали тажрибасига ўхшатилмоқда.
Кўрфаз давлатлари раҳбарлари, айниқса БАА ва Саудия Арабистони етакчилари, Трамп билан мунтазам телефон мулоқотларида АҚШни ишни охирига етказишга ва кейинги қадамларга ўтишдан олдин Эроннинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишга чақирмоқда. WSJ манбаларига кўра, улар хавфсизлик соҳасидаги шериклик ва бу муносабатларга киритилган катта сармояларга қарамай, Трамп маъмурияти қарорларига жиддий таъсир ўтказа олмаётганидан ҳам норози.
Суҳбатдошлар таъкидлашича, юз бераётган воқеалар араб давлатларини тийиб туришни тиклаш учун эҳтимол жавоб зарбасини беришга ҳам мажбур қилиши мумкин. АҚШ хавфсизлик кафолатлари ва Эрон билан дипломатик мулоқотни таҳдидлардан ҳимоя сифатида қабул қилиш ўзини оқламади. Бу ўтган ҳафта, Эрон Қатардаги Рас-Лаффан энергетика ҳабига, Қизил денгиздаги Саудиянинг муҳим энергетика марказига, шунингдек Кувайт ва БААдаги объектларга ҳужум қилганида яққол намоён бўлди. Қатар бу ҳужумни хавфли кескинлашув ва миллий хавфсизликка тўғридан тўғри таҳдид сифатида қоралади.