Ўзбекистон | 11:22
2577
2 дақиқада ўқилади

Ўмонда Темурийлар изи топилди: сарой ва масжидларда Самарқанд услуби

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Ўмонда сақланаётган Амир Темур ва Темурийлар даврига оид ноёб қўлёзмалар, китоблар ҳамда меъморчилик ва санъат намуналарини ўрганди. Тадқиқотлар давомида Темурийлар даврига хос услуб ва нақшлар ушбу мамлакатдаги айрим меъморий объектларда ҳам акс этгани маълум бўлди.

Фото: “Дунё” АА

Жумладан, Султонлик саройида Самарқанддаги машҳур Шоҳи Зинда мажмуасидаги мақбара безакларидан андоза олиб ишланган тахт мавжудлиги аниқланган. Унда қўлланилган муқарнас нақшлари Темурийлар даври меъморчилигига хос бўлиб, “Самарқанд уч баргли нақши” каби элементлар билан безатилган.

Шунингдек, Масқат шаҳридаги Султон Қобус масжиди айвони деворларида ҳам Темурийлар даври безак санъати намуналари қўлланилгани қайд этилди. Масжид ҳудудида ушбу услубга бағишланган махсус лавҳа ўрнатилган бўлиб, унда Темурийлар меъморчилиги ва унинг тарихий аҳамияти ҳақида маълумот берилган.

Бундан ташқари, Соҳар шаҳрида барпо этилган Султон Қобус жоме масжиди архитектураси Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси услубига яқинлиги билан ажралиб туради. Бинонинг феруза рангли гумбази ва мураккаб кошинкорлик безаклари Марказий Осиё меъморчилик анъаналарининг ёрқин намунасидир.

Бу каби ўхшашликлар Темурийлар даврида Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги маданий ва дипломатик алоқаларнинг кенг бўлганидан далолат беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид