Жаҳон | 10:52 / 24.03.2026
3273
3 дақиқада ўқилади

Зеленский Россияни Эронга ёрдам беришда айблади

Москва АҚШ ва Исроил уруш олиб бораётган Эронни ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттириб, “очиқчасига вайронкор фаолият” юритмоқда. Бу ҳақда Украина президенти маълум қилди.

Фото: Leah Millis / Reuters

Украинада Россия АҚШ ва Исроил уруш олиб бораётган Эронга разведка маълумотларини етказиб беришда давом этаётганига оид “инкор қилиб бўлмас далиллар” бор. Бу ҳақда 23 март, душанба куни Украина президенти Володимир Зеленский Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Олег Ивашченко ҳисоботи якунлари бўйича маълум қилди.

“Бизнинг қўлимизда россияликлар Эрон режимига разведка маълумотларини беришда давом этаётганига оид инкор қилиб бўлмас далиллар бор. Россия ўзининг радиотехник ва радиоэлектрон разведка имкониятларидан, шунингдек, Яқин Шарқдаги шериклардан олинган ўзаро ҳамкорликка оид маълумотларнинг бир қисмидан фойдаланмоқда”, — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.

Кейинроқ у X ижтимоий тармоғидаги постида Россия “тўхтатилиши лозим бўлган очиқчасига вайронкор фаолият” олиб бораётганини таъкидлади.

“Эрон режимига вазиятда сақланиб қолиш ва янада аниқроқ зарбалар беришга ёрдам бериш орқали Россия амалда урушни узайтирмоқда. Бунга жавоб бериш керак”, — дея таъкидлади Украина раҳбари.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф 8 март куни Россияни Эронни қўллаб-қувватламасликка қатъий чақирганини маълум қилган эди. Орадан кўп ўтмай, Уиткофф Трамп билан телефон суҳбати чоғида Россия раҳбарияти Эронга разведка маълумотлари узатилаётгани ҳақидаги айбловларни рад этганини айтди.

“Хўш, уларнинг сўзларига ишониш мумкин. Умид қиламизки, улар бу маълумотларни бермаяпти”, — деди Уиткофф.

Бундан олдин The Washington Post газетаси Москва Теҳронга Яқин Шарқдаги америкалик ҳарбийларга зарба бериш учун разведка маълумотлари тақдим этаётгани, шу тариқа урушда билвосита иштирок этаётганини ёзган эди.

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Россия Ислом Республикаси билан ҳарбий ҳамкорлик ва Эронни ахборот жиҳатдан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтирган. Хусусан, нашр ёзишича, Москва Теҳронга сунъий йўлдош тасвирларини бермоқда ва дронлар соҳасида такомиллаштирилган технологиялар билан ўртоқлашмоқда, бу эса Эронга минтақадаги АҚШ кучларига зарба беришда ёрдам бермоқда. Шу билан бирга, Россия Украинага қарши уруш тажрибасидан фойдаланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид