Ўзбекистон | 17:30
1190
7 дақиқада ўқилади

Қўштепа, Орол, Роғун ва сув танқислиги – вазир билан суҳбат

Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Kun.uzʼга интервю берди. Суҳбат давомида Шавкат Ҳамроев сув танқислиги, уни тежаш ва қишлоқ хўжалигида рационал фойдаланиш, Орол бўйича лойиҳалар, Қўштепа каналининг қурилиши ва Ўзбекистоннинг Афғонистон билан музокаралари, Роғун ГЭС ва бошқа масалаларда фикрини баён қилди. Вазир Қўштепа каналига тўхталаркан, муаммо лойиҳада эмас, афғонларнинг кейин қанча сув олишида эканини айтиб ўтди.

Сув хўжалиги вазири – Шавкат Ҳамроев билан суҳбат бу йилги мавсумда қишлоқ хўжалиги ва томорқа ерлари учун кутилаётган сув таъминоти прогнозларидан бошланди. Унинг айтишича, баҳор анча ёғингарчиликларга бой келди, лекин инфратузилма, яъни ерларга етиб борувчи ариқлар, суғориш насослари, ерларнинг ҳолати бунга тайёр бўлмаса, бари бекор. Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни чуқур қази дейилган, демак сув кам-кўплиги эмас, уни қандай ерларга етказиш муҳим, дейди вазир. 

Ирригатор ва сув масалалари бўйича экспертлар Ўзбекистонда ариқ ва каналларнинг бетонлаштирилиши ҳақида турли фикрларга эга. Баъзилар бетонлаштириш катта харажат бўлгани сабаб жойларга пластик қувурлар билан сув етказиш самаралироқ деган фикрда. Бу ёндашувга вазир Ҳамроев ўз муносабатини билдирар экан, Ўзбекистонда ҳам у, ҳам бу, яъни ҳам бетонлаштириш, ҳам пластик қувурлар тажрибасидан фойдаланилаётганини айтди. 

Вазирнинг қўшимча қилишича, мавжуд сувларнинг камида 30-40 фоизи ерга сингиб, парланиб кетади. Бетонлаштирилган ҳолатда эса сувнинг йўқотилиши камаяди. 

Марказий Осиё ҳақида гап кетганда бугун тилга олинадиган асосий муаммолардан бири – сув. Минтақа аҳолиси мунтазам кўпайиб бормоқда, сувга бўлган талаб ҳам доим юқори. Бундан ташқари, Марказий Осиё кучли иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик, сув тақчиллиги муаммоси билан юзлашмоқда. Шундай шароитда минтақа давлатлари биргаликда қарор қабул қилиши жуда муҳим. 

Вазирга кўра, сўнгги 9-10 йилдан бери минтақавий мулоқот тикланди, аввал мутлақо диалог бўлмаган. Биз бир-бировимизнинг қора кунимизда биргамиз, дейди у. 

“Биласизми, аввал шу мулоқотлар йўқ эди. Ҳозир бир стол атрофида йиғиляпмиз, давлатлар бир-биримизни тушунамиз. Масалан, биз қишда электр берамиз, ёзда сув оламиз. Шундай қилиб келишиб ишламасак бўлмайди”, - дейди Шавкат Ҳамроев. 

Вазир билан суҳбатда Орол фожиаси ҳақида ҳам гаплашдик. Эътиборлиси шундаки, ҳукумат аъзоси русларнинг нотўғри сув сиёсати сабаб Орол қуриган, деган эҳтимолга тўлиқ қўшилмайди. Бутун карераси сув хўжалигида ўтган Шавкат Ҳамроевнинг шахсий таҳлилига кўра, Орол қуришининг асосий сабаби – экологик омиллар. 

“Буни тўлиқ сувдан нотўғри фойдаланиш эвазига деёлмаймиз, боринг ана, 20 фоиз сув пахта далаларига олинсин, қолгани-чи? Бу арифметикага тўғри келмайди, Орол экологик омиллар сабаб қуриди ва узоқ йиллардан кейин табиат яна ўзини тиклаши мумкин” , - дейди вазир. 

Шунингдек, яқинда Рус фанлар академияси академиклари Сибир дарёларини Орол томон буриш билан денгизни тўлдириш лойиҳалари ҳақида муҳокамалар ўтказганди. Kun.uz билан гаплашган экспертлар бу мутлақо нореал эканини айтган. Вазир ҳам бундай қарашларга фикрини билдириб ўтди. 

“Аввалдан ҳам бор эди, Сибир дарёларини буриш. Бу нотўғри, буни қилиб бўлмайди”, - дейди Ҳамроев. 

2021 йилда Афғонистонда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтаркан, Ўзбекистон муваққат ҳукумат билан диалогни узмади. Орадан бироз вақт ўтгач, Афғонистон сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун канал қуришини эълон қилди ва буни бошлади. Қўштепа каналининг қурилиши катта муҳокамаларга сабаб бўлди, айниқса бусиз ҳам сув муаммо минтақа Марказий Осиё олдида янада чигал вазият юзага келди. Бироқ томонлар фаол дипломатия орқали музокаралар ўтказди. Вазир билан суҳбатда Қўштепа ҳақида ҳам сўз бораркан, у канал қуришга Афғонистоннинг ҳаққи борлиги, лекин гап уларнинг қанча сув олишида эканини айтди.

“Ҳа, муаммо йўқ, сув олишга ҳақлари бор, менинг ўзим 4 марта ишчи гуруҳ билан Афғонистонга борган бўлсам, улар Ўзбекистоннинг шунча ёрдамини ҳис этиб, қандай қилиб ўртамизда сув катта муаммо бўлиши мумкин дейишмоқда. Биласизми, гап канал қурилишида эмас, ўша ерда дарёдан қанча сув олинишида, биз шунга маҳкам келишишимиз керак”, - дейди Шавкат Ҳамроев. 

Унинг қўшимча қилишича, агар дарёдан 2 млрд кубметр сув олинса, бу нормал, бизга таъсир этмайди. Бироқ 4 млрд кубметрга чиқса, қишлоқ хўжалигида сув етмай қолиш хавфи юқори. Шундай ҳолат юз бермаслиги учун ҳозирданоқ келишиш керак. 

“Аслида улар лойиҳани 2028 йилда якунламоқчи эди, бироқ тўхтаб қолди. Канал қурилиши якунланганидан кейин ҳам сувни насос билан ерларга етказиш керак, уларда эса электр токи муаммо”, - дея қўшимча қилади вазир.

Ўзбекистоннинг биринчи маъмурияти даврида Тожикистон билан Роғун ГЭС сиёсий муаммога айланган эди. Президент Каримов Ўзбекистон бу ГЭС қурилишига розилик бермаслигини билдиргач, алоқалар деярли тўхтаб қолган. Иккинчи маъмурият эса Тожикистонга ишонди ва Тожикистон эса қўшнисини ҳеч қачон сувсиз қолдирмаслигини билдирди. Бироқ ушбу ГЭСнинг хавфсизлик стандартларига тўла риоя этилган ҳолда қурилиши – муҳим. 

“Биласизми, менинг ўзим Тожикистонга бориб, ўз кўзларим билан кўриб келдим. Ҳаттоки, ёриқ пайдо бўлса, силжитиб буни ичкарида бартараф этадиган технологияларни қилишган”, дейди вазир ГЭСнинг хавфсиз қурилаётганига ишора қилиб. 

Суҳбат сўнгида Шавкат Ҳамроев Ўзбекистонда вазир бўлиш осон эмаслиги, бироқ бу юксак масъулият ва шараф эканини ҳам қўшимча қилди.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид