Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрондаги оғир сув заводи Исроил зарбасидан кейин ишдан чиқди
АЭХА маълум қилишича, Исроил зарбаси оқибатида Эроннинг Хондаб шаҳридаги оғир сув ишлаб чиқариш заводига жиддий шикаст етган ва у иш фаолиятини тўхтатган. Корхонада декларация қилинган ядровий материаллар бўлмаган.
Фото: dpa/picture alliance
Эрон ғарбида жойлашган Хондаб шаҳридаги оғир сув ишлаб чиқариш заводи 27 март куни берилган зарба натижасида жиддий зарар кўрган ва энди фаолият юритмаяпти. Бу ҳақда 29 март, якшанба куни Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) X ижтимоий тармоғида, сунъий йўлдош тасвирлари ва объект ҳақидаги маълумотларга таяниб хабар қилди. Агентлик, шунингдек, корхонада декларация қилинган ядровий материаллар бўлмаганини қўшимча қилди.
Эроннинг давлатга қарашли Fars ахборот агентлиги Хондабдаги завод бомбардимон қилинганини хабар қилган эди. Эрон расмийлари ҳеч ким ҳалок бўлмаганини ва радиоактив моддалар тарқалиши юз бермаганини билдирди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари ҳам ушбу объектга зарба берилганини тасдиқлаб, буни Эрон томонининг ўтган йилги ҳужумдан кейин уни тиклашга уринаётгани билан изоҳлади.
Хондабдаги завод билан бир мажмуа таркибига кирувчи оғир сув реактори 2025 йил июн ойида, АҚШ ва Исроилнинг Эрон ядровий дастурига қарши аввалги ҳарбий операцияси чоғида ҳам зарбаларга учраган эди. Ўшанда АЭХА ушбу объект ҳали тўлиқ қуриб битказилмагани, шу боис унда ядровий материаллар бўлмаганини маълум қилган.
Оғир сув таркибида водороднинг оғирроқ изотопи мавжуд бўлгани учун оддий сувдан тахминан 10 фоизга зичроқ бўлади. У ядровий реакторларда нейтронларни секинлаштириш учун, шунингдек, тритий деб аталувчи водороднинг радиоактив изотопини олишда асос сифатида қўлланиши мумкин.
21 март куни АҚШ ва Исроил Эроннинг анча машҳур бўлган яна бир ядровий объекти — Натанздаги уран бойитиш мажмуасига зарба берди. Ўшанда АЭХА объект атрофида радиация даражаси ошганини қайд этмаган. Эрон Атом энергияси ташкилоти ҳам радиоактив моддалар тарқалмаганини ва яқин атрофда яшовчи аҳоли учун хавф йўқлигини билдирган.
Натанз мажмуаси уранни бойитишга мўлжалланган ерусти ва ерости иншоотларидан иборат. Ушбу объектда 10 мингдан ортиқ центрифуга мавжуд. АЭХА баҳосига кўра, Натанзда уран 60 фоизгача бойитилган. Атом электр станциясини ишлатиш учун 3–5 фоиз даражасида бойитилган материал етарли бўлса, ядровий бомба яратиш учун бойитиш даражаси 90 фоизга етказилиши керак.
Хондабдаги реактор каби, Натанз мажмуаси ҳам 2025 йил ёзидаги Америка-Исроил операцияси давомида зарбаларга учраган эди. Ўшанда ер устидаги центрифугалар йўқ қилинган, ер остидагилар тақдири эса ноаниқлигича қолган. АҚШ президенти Доналд Трамп Эроннинг асосий ядровий объектлари “бутунлай вайрон қилингани” ва уларни тиклаш учун йиллар керак бўлишини айтган эди.
АҚШ ва Исроил 28 февралдан буён Эронга ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда. Ушбу ҳужумлар натижасида Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда қатор юқори лавозимли амалдорлар ва кучишлатар тузилмалар вакиллари ҳалок бўлган.
Эрон эса жавоб тариқасида Исроил ва Форс кўрфази давлатларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилмоқда. Ислом Республикаси баёнотига кўра, араб давлатларига қилинган ҳужумлардан мақсад минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларидир. Эрон зарбалари натижасида Форс кўрфазидаги қатор давлатларда нефт омборлари ва нефт танкерлари ҳам нишонга олинган.
Бундан ташқари, уруш бошланганидан бери Эрон ҳужумларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига аъзо Кипр ҳам жабр кўрган.