Иқтисодиёт | 08:28 / 30.03.2026
2961
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 15 турдаги маҳсулот учун хомашёга импорт божлари бекор қилинади

Таркибидаги хомашё Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган 15 турдаги маҳсулот учун хомашёга импорт божлари олиб ташланади. Мақсад – маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ички бозордаги рақобатни ошириш. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев қандолат маҳсулотлари мисолида вазиятни изоҳлаб, айни пайтда шоколад ва бошқа ширинликларни импорт қилиш маҳаллий ишлаб чиқаришдан арзонга тушаётганига эътибор қаратди. Бунинг асосий сабаби тайёр маҳсулотларга божлар йўқ, аммо хомашёга тарифлар сақланиб қоляпти.

Фото: Kun.uz 

Ўзбекистонда 15 турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё импортига божхона божлари бекор қилинади. Бу ҳақда 28 март куни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Идоралараро комиссиянинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик бўйича тадбиркорлар билан ўтказилган илк очиқ мулоқотида маълум қилди.

Хўжаевнинг таъкидлашича, айрим маҳсулотларда “тариф инверсияси” ҳолати мавжуд. Яъни тайёр маҳсулотлар импорт қилиниши арзонроқ, аммо ушбу турдаги маҳсулотларни мамлакат ичида ишлаб чиқариш учун керакли хомашёларга юқори божлар қўлланяпти. Натижада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар таннархнинг ошиши, импорт маҳсулотлари билан рақобат қилиш имкониятининг пасайиши каби муаммоларга дуч келишяпти, кўп корхоналар тўлақонли ишлай олмаяпти.

Бош вазир ўринбосари қандолат маҳсулотлари мисолида вазиятни изоҳлаб, айни пайтда шоколад ва бошқа ширинликларни импорт қилиш маҳаллий ишлаб чиқаришдан арзонга тушаётганига эътибор қаратди. Бунинг асосий сабаби тайёр маҳсулотларга божлар йўқ, аммо хомашёга божлар сақланиб қоляпти.

2025 йил декабр ойида президент ЖСТ билан ҳамкорлик бўйича Идоралараро комиссияга “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими доирасида айрим товарларни олиб киришга ва тайёр маҳсулотларни ички бозорда сотишга рухсат бериш ваколатини берган эди. Ишчи гуруҳ таҳлил ўтказиб, тажриба тариқасида янги тартиб қўлланиши режалаштирилаётган бир қатор товарларни танлаб олган. Хусусан, 15 турдаги маҳсулот учун хомашё импортида божлар бекор қилиниши мумкин. Улар қаторига қуйидагилар кириши мумкин:

  • электр скутерлар;
  • ногиронлик аравачалари;
  • кунгабоқар ёғи;
  • мармеладлар;
  • карамелли ширинликлар;
  • шоколад;
  • болалар озуқаси;
  • тез тайёрланадиган угра;
  • пряник ва печенелар;
  • вафлилар;
  • пироглар;
  • кекслар;
  • жем ва мурабболар;
  • консерваланган қулупнай;
  • шакарли ичимликлар.

Хўжаевнинг сўзларига кўра, тадбиркор маҳсулотни ички бозорда сотган тақдирдагина ҚҚС тўлайди. Бундан ташқари, тайёр маҳсулот мамлакат ичида сотилганда, унга тайёр маҳсулот сифатида бож ундирилади, бироқ уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган барча хомашё божсиз олиб кирилади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид