Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп шахсан АҚШ Олий судидаги эшитувга келди
Доналд Трамп АҚШ Олий судидаги тингловларда иштирок этиш имкониятидан фойдаланган амалдаги биринчи президенти бўлди. У суд залида икки соатдан камроқ вақт ўтказди. Суд туғилиш ҳуқуқи бўйича фуқароликни беришни тақиқлаш масаласида эшитувни ўтказди.
Фото: Reuters
Президентнинг суд музокараларида иштирок этишини тақиқловчи ҳеч қандай қоида ёки қонун мавжуд эмас. Бироқ, танқидчилар унинг иштирокини эътиборни чалғитиш ва суд қарорига таъсир ўтказишга уриниш сифатида баҳолаши мумкин.
BBC нашрига кўра, Трамп ҳокимиятга қайтганининг биринчи кунидаёқ мамлакатда ноқонуний ёки вақтинча бўлган ота-оналардан туғилган болаларга автоматик фуқаролик беришни тўхтатишни буюрди. Президентнинг судга ноодатий ташрифи Америка учун муҳим бўлган бу ишда қанчалик кўп нарса хавф остида эканини англатади.
Бу Трамп иккинчи муддатини бошлаганидан бери Олий суд томонидан иммиграция билан боғлиқ биринчи иш бўлади. Суд Трампнинг иммиграция сиёсатига оид бошқа ишларни ҳам кўриб чиқди, бироқ ҳозирча унинг чораларини тасдиқловчи ёки бекор қилувчи якуний қарор чиқармади.
Трампнинг туғилганлик ҳуқуқи бўйича фуқароликни бекор қилиш тўғрисидаги фармони унинг миллионлаб ноқонуний мигрантларни депортация қилиш бўйича кенгроқ стратегиясининг асосий элементи эмас. Шунга қарамай, бу ғоя ўнглар орасида машҳур бўлиб, унинг иммиграция дастурида узоқ вақтдан бери мавжуд.
Агар суд фармонни қонуний деб топса, Трамп ғалаба қозонганини эълон қилиши ва бундан MAGA сайловчиларини ноябрь ойидаги оралиқ сайловлар олдидан сафарбар қилиш учун фойдаланиши мумкин.
Эшитув тугагач, Трамп ўзининг Truth Social веб-сайтида АҚШ «дунёда «туғилиш ҳуқуқи бўйича фуқароликка» рухсат берадиган ягона аҳмоқона давлат» эканини ёзди.
АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатишда айтилишича, «Қўшма Штатлар ҳудудида туғилган барча шахслар Қўшма Штатлар фуқаросидир». Кейинчалик судлар бу таърифни кенг талқин қилдир ва хусусан, 1898 йилдаёқ у мигрантларнинг болаларига ҳам тааллуқли деган қарорга келди.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар Олий суд Трамп маъмуриятининг позициясини қўллаб-қувватласа, АҚШда ҳар йили туғиладиган 250 минггача боланинг ҳуқуқий мақоми шубҳа остида қолиши мумкин. Бундан ташқари, миллионлаб оилалар ўз фарзандининг фуқаролигини тасдиқлашига тўғри келади.
Якуний қарор Олий суд сессияси охирида, июнь ёки июль ойи бошида қабул қилиниши кутилмоқда.
Мавзуга оид
23:24 / 01.04.2026
«Асло унутмаймиз» — Америка НАТОда яккаланиб қолди
19:36 / 01.04.2026
Трамп Эрон сулҳ сўраганини айтди
18:44 / 01.04.2026
Судлардан норози эркак Олий суд қаршисидаги дарахтга чиқиб олди
18:28 / 01.04.2026