Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда 51 йил аввалги қотиллик ДНК технологияси ёрдамида фош этилди
Серияли қотил Тед Банди 17 ёшли қизни ўлдиргани тасдиқланди. У 1989 йилда қатл этилган.
Серияли қотил Тед Банди ва Лаура Энн Эйми
Юта (АҚШ) штати маъмурияти янги ДНК технологияси туфайли, 51 йил олдин ўлдирилган қиз серияли қотил Тед Бандининг қурбони бўлганини аниқлади, шундан сўнг, жиноят ишини расман ёпди. 17 ёшли Лаура Энн Эйми 1974 йилда Хеллоуин кечасидаги зиёфатдан кетганидан кейин ғойиб бўлган, тахминан бир ой ўтгач, унинг жасадини сайёҳлар Америка-Форк қояларидан топган эди.
1 апрель куни Юта (АҚШ) округи шерифи идораси янги таҳлиллар «Лоранинг танасидан олинган ДНК Тед Бандига тегишли эканини рад этиб бўлмайдиган даражада тасдиқлаганини» маълум қилди.
1974 йил февралидан 1978 йил февралигача Банди камида 30 нафар аёлни ўлдирган. Шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб бошқа кўплаб қотилликлар билан боғлиқ.
Банди 1989 йилда Флоридада қатл этилишидан олдин Лаурани ўлдирганини тан олди, аммо унинг ўлимида иштирок этганини аниқлаштиришдан ёки тасвирлашдан бош тортди. Шунинг учун, шерифнинг баёнотида айтилишича, «шериф департаменти терговчилар унинг қотили айнан Банди эканини заррача шубҳасиз исботлай олгунларига қадар ишни очиқ қолдиришга қарор қилди».
«Бу иш расман ёпилди», деди Юта округи шерифи Майк Смит матбуот анжуманида. Шерифнинг қўшимча қилишича, агар Банди тирик бўлганида, унга қарши ўлим жазоси талаб қилинган бўларди.
Банди - АҚШ тарихидаги энг машҳур серияли қотиллардан бири. У ўз жиноятларини мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмида бошлаган ва кейинчалик Колорадо, Юта ва Флоридада аёлларни ўлдирган.
Лаура Солт-Лейк-Ситида яшаган ва Юта университетида ҳуқуқшунослик бўйича таълим олган.
Шерифнинг баёнотида айтилишича, Лаура «фаол дам олишни яхши кўрадиган ва от миниш, ов қилиш ва ака-укаларига ғамхўрлик қилишни яхши кўрадиган мулоқотчан, эркин қиз» сифатида эсланади.
Тед Банди кўпинча жамоат жойларида аёлларга яқинлашиб, ўз жозибаси ёки сохта жароҳатлари билан уларнинг ишончини қозонган, шундан сўнг, хилват жойларга олиб бориб, ўлдирган.
У биринчи марта 1975 йилда аёлни ўғирлагани учун ҳибсга олинган ва 15 йилга қамалган. Аммо 1977 йилда қамоқхона кутубхонаси деразасидан сакраб, қочиб кетган. Саккиз кундан кейин у яна ҳибсга олинди, аммо яна қочиб кетди ва 1978 йилда қўлга олингунга қадар қотилликларни давом эттирди.
Мавзуга оид
23:32 / 02.04.2026
АҚШ бош прокурори Пэм Бонди истеъфога чиқади
23:13 / 02.04.2026
Эрондаги энг катта кўприк АҚШ ва Исроил зарбаси оқибатида вайрон бўлди
21:19 / 02.04.2026
Эрон ҳеч қачон тажовузкорлик йўлини танламаган – Пизишкиён америкаликларга мурожаат қилди
18:01 / 02.04.2026