Ўзбекистон | 19:38 / 02.04.2026
5247
2 дақиқада ўқилади

Тўртта вилоятда зараркунанда чигирткалар тухумдан чиқа бошлади

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги уларга қарши кураш ишларига 700 нафарга яқин мутахассисни жалб этди.

Фото: Getty images

Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида зараркунанда чигирткалар тухумдан чиқа бошлади. Уларга қарши кураш ишларига 700 нафарга яқин мутахассис жалб этилди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 22 мартдан, Самарқандда 24 мартдан, Жиззахда эса 28 мартдан бошлаб зарарли чигирткалар тухумдан чиқа бошлагани аниқланган. Аниқлик киритилишича, гап 1−2 ёшдаги марокаш чигирткаси ҳақида бормоқда ва мутахассислар уларнинг қишлоқ хўжалиги ерлари ва аҳоли томорқаларига тарқалишининг олдини олиш устида ишламоқда.

Таъкидланишича, барча ҳудудларда кузатув-назорат ишлари кучайтирилиб, чигиртка тўдалари аниқланган жойларда кимёвий кураш ўтказилмоқда.

1 апрел ҳолатига кўра, кураш тадбирларига 53 та юқори унумли пуркагичли махсус автомашина, 194 та пуркагичли тракторлар, 1000 тадан ортиқ моторли осма қўл пуркагичи, 25 та сув ташувчи транспорт воситаси, 66 та мотоцикл шай ҳолатга келтирилган. Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий воситалар захиралари шакллантирилган.

2026 йилда жами 651,8 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилиши белгиланган. Бугунги кунга қадар 22 минг гектардан ортиқ майдонда кузатув олиб борилган, 3641 гектарда кимёвий кураш ўтказилган. Кимёвий ишловлар олиб бориш бепул асосда ташкил этилган.

Чигирткаларга қарши курашиш учун барча вилоятларда штаблар, туманларда эса тезкор кураш отрядлари ташкил этилган.

«Ўзбекистонда 200 га яқин чигиртка тури мавжуд бўлиб, ҳар йили 6−8 турдаги тўда ҳосил қилувчи зараркунанда чигирткаларга қарши кураш олиб борилади. Мавсумни беталафот ўтказиш учун чигиртка хизмати 24/7 режимига ўтказилди. Кузатув-назорат ва қарши кураш тадбирларига республика бўйича жами 700 нафарга яқин мутахассис жалб этилди», дейилади агентлик хабарида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид