Жамият | 17:39
1259
3 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқлардаги болалар: образлар ортидаги хавфлар

Ижтимоий тармоқларда болалар иштирокидаги контентлар оммалашиб борар экан, мутахассислар буни бола психикасига таъсир қилувчи хавфли жараён сифатида баҳолайди. Айрим давлатларда бу йўналиш қонун билан чекланган.

Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда маркетинг мақсадида болалар иштирокидаги контентлар сони кескин ошди. Болалар блог юритади, турли роликларда иштирок этиб, ота-она ёки бошқа образларни ижро этади. Мутахассислар буни оддий кўнгилочар контент сифатида қабул қилиш хавфли эканини таъкидлади.

“Ҳаммамиз яхши кўрадиган “Уйда ёлғиз” филмида Кевин ролини ўйнаган актёр 18 ёшга тўлганидан кейин ҳалиги болаликдаги образидан, ўша статусдан, болаликда унга берилган статусдан чиқишга қийналган. Нарсистик эҳтиёжлар ҳисобланади бу. Ҳар доим диққат марказида бўлиш. Ва неча йиллардир психиатрия шифохоналарида вақтини ўтказган. Яъни ўша кичкиналикда унга сингдирилган рол учун, кинода сингдирилган рол учун у ҳаётига кўчирган бу ролни ва бундан чиқиб кетиш жуда ҳам қийин бўлган. Худди шу эффектни бизнинг ижтимоий тармоқда блог юритадиган айрим болаларда ҳам кузатишимиз эҳтимоли бор. Буни инобатга олиш керак ота-оналар”, дея таъкидлайди болалар психологи Сайёра Азларова.

Психологларга кўра, бу боланинг келажакда шахсий ривожланишга салбий таъсир кўрсатади. Айрим давлатларда эса болалардан маркетинг мақсадида фойдаланиш қатъий чекланган ёки тақиқланган.

Мутахассис Розалия Габдулҳакованинг айтишича, қатор давлатларда болалардан маркетинг мақсадида фойдаланиш қатъий тартибга солинган: “Бу Хитойда ман қилинган экан. Айнан мана шу болаларни маркетингда ёки пул топиш учун ишлатиш бўйича ҳар хил мамлакатларнинг тажрибалари билан озгина танишиб чиқдим. Масалан, Францияда кўпроқ болаларнинг пули ҳимоя қилинган экан. Яъни бунақа блогер болаларнинг ўзини алоҳида «счёти» бўлиши керак, музлатилган, у ерга ҳар доим меҳнатидан бир қисми тушиб туради, фақат боланинг ўзи учун тўпланади. Америкада ҳам аввал актёр болалар учун бўлган қонунлар ҳозир блогер болалар учун ишлатилиши бошланяпти экан. Ахлоқ қоидаларини, болаларнинг қадриятларини, болаларнинг ахлоқини сақлайдиган қонунлар Хитойда экан. Яъни Хитойда ана шу рекламани таргет ёқиш мумкин эмас, яъни болаларнинг айнан ахлоқи, шахсияти кўпроқ ҳимоя қилинган”.

Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш зарур ва бу жараёнда соҳавий экспертлар иштирок этиши муҳим.

Болалар контенти мавзусидаги подкастнинг тўлиқ вариантини Kun.uz’нинг YouTube саҳифасида томоша қилиш мумкин.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид