Иқтисодиёт | 09:16
1658
3 дақиқада ўқилади

Oxfam: миллиардерлар 3,55 трлн долларни солиқдан яширмоқда

Дунёдаги энг бой одамлар офшорлар ва декларация қилинмаган ҳисобрақамларда тахминан 3,55 трлн доллар маблағни солиқдан яширмоқда. Бу Франция ялпи ички маҳсулотидан ҳам кўп ва жаҳон ЯИМнинг тахминан 3,2 фоизига тенг, деб хабар қилди Oxfam.

Фото: AP

Дунё бўйлаб энг бой одамлар офшорлар ва декларация қилинмаган ҳисобрақамларда тахминан 3,55 трлн доллар маблағни солиқдан яширмоқда. Бу ҳақда хайрия ташкилотлари бирлашмаси Oxfam 2 апрел, пайшанба куни — “Панама ҳужжатлари” эълон қилинганининг 10 йиллиги арафасида маълум қилди. Oxfam пресс-релизида айтилишича, ушбу сумма Франциянинг 2024 йилдаги ялпи ички маҳсулотидан (3,16 трлн доллар) юқори ҳамда дунёдаги энг кам ривожланган 44 давлатнинг жами ЯИМдан икки баробардан ҳам кўпроқдир.

Дунёдаги энг бой одамларнинг 0,1 фоизи ҳиссасига офшорларда сақланаётган барча пулларнинг тахминан 80 фоизи — 2,84 трлн доллар тўғри келади. Oxfam маълумотларига кўра, бу сумма инсониятнинг энг камбағал ярмини, яъни 4,1 миллиард кишиникидан ортиқ капитални ташкил этади. Шу билан бирга, энг бой 0,01 фоиз одамлар қўлида 1,77 трлн доллар сақланмоқда.

Солиқдан бўйин товлашга қарши кураш чораси сифатида Oxfam дунёдаги энг бой 1 фоиз одамлар учун солиқларни ошириш ва ўта бойларга солиқ жорий этишни таклиф қилмоқда. Бошқа ташаббуслар қаторида офшорларни тугатиш ва молиявий шаффофликни кучайтириш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам бор.

Oxfam баҳосига кўра, “Панама ҳужжатлари” 2016 йил 3 апрел куни эълон қилинганидан бери офшор активлар ҳажми 2023 йилда 13,25 трлн долларга етган — бу ўша пайтда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 12,5 фоизига тенг эди. Шу билан бирга, ташкилот таъкидлашича, солиқ солинмайдиган офшор активлар улуши сезиларли даражада қисқарган ва жаҳон ЯИМнинг 3–4 фоизи даражасида барқарорлашган.

Масалан, Жаҳон банки 2024 йилда жаҳон ялпи ички маҳсулотини 110,8 трлн доллар деб баҳолаган. Oxfam пресс-релизида келтирилган, умуман солиқ солинмайдиган 3,55 трлн долларлик офшор маблағлар шу сумманинг тахминан 3,2 фоизини ташкил этади.

Ташкилот қайд этишича, солиқ солинмайдиган офшор маблағлар улушининг камайишига 2016–2017 йилларда Солиқ ахборотини автоматик алмашиш тизими (AEOI) ишга туширилгани ёрдам берган. 2025 йил март ойига келиб, AEOI ҳисобот стандартига 126 давлат ва юрисдикция қўшилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид