Жаҳон | 22:12 / 05.04.2026
4077
5 дақиқада ўқилади

«Артемида-2» миссияси экипажи Ойга саёҳатдан илк суратларни намойиш этди

Фазогирлар Ер ва унинг йўлдошини, шунингдек, бир-бирини кадрларга муҳрлаган.

3 апрел куни, АҚШ Шарқий соҳил вақти билан соат 19:49 да (Тошкент вақти билан 4 апрел куни 04:49 да), «Орион» космик кемаси двигателлари «транслунар инъекция импулси»ни амалга оширди – бу кемани Ер атрофидаги орбитадан Ой сари парвоз траекториясига ўтказиш учун тезланиш берадиган манёврдир. Жараён 5 дақиқаю 55 сония давом этди. Шундан кейин кема Ой томон йўл олди.

Бу 1972 йилги «Аполлон-17» миссиясидан бери инсоният Ер орбитасини қайта тарк этиши билан боғлиқ илк ҳолатдир.

Экипаж таркибидан NASA астронавтлари Рид Уайзман, Виктор Гловер ва Кристина Кох, шунингдек, Канада космик агентлиги астронавти Жереми Ҳансен ўрин олган.

6 апрел куни экипаж олти соатлик сеанс давомида Ой сиртини кузатиш сеансини ўтказади. «Артемида-2» номини олган миссия 10 кун давом этади – «Орион» Ой атрофини айланиб чиқади ва шундан кейин Ерга қайтади.

Астронавтлар Ер йўлдошига қўнмайди: уларнинг асосий вазифаси – космик кеманинг бошқарув тизимларини синовдан ўтказиш ва барчаси узоқ коинот шароитида ишлашига ишонч ҳосил қилишдан иборат. 

Экипаж аллақачон Ер ва Ойнинг «Орион» бортида туриб олинган илк суратлари билан бўлишди, шунингдек, космик кемада кунлар қандай ўтаётганини намойиш этишди. Қуйида мазкур кадрлар келтирилади.

NASA астронавти Кристина Кох (чапда) ва Канада космик агентлиги (CSA) астронавти Жереми Ҳансен (ўнгда) «Орион» бортида. 3 апрел куни улар ва «Артемида» миссиясидаги икки ҳамкасби Ер ва Ой ўртасидаги йўлнинг ярмини босиб ўтишди. «Сиз ҳозир Ерга қараганда Ойга яқинроқсиз», – дея уларга хабар йўллаган Парвозни бошқариш маркази АҚШ Шарқий соҳил вақти билан соат 23:00 да
NASA / AFP / Scanpix / LETA
1972 йилги «Аполлон-17» миссиясидан бери илк бор АҚШнинг Ойга учирган миссияси бўлган «Артемида-2» экипажи томонидан олинган Ой сурати
NASA / AFP / Scanpix / LETA
Миссиянинг иккинчи кунида кема қуёш батареяларидан бирига ўрнатилган камерада олинган «Орион»нинг бир қисми сурати
NASA / AFP / Scanpix / LETA
«Артемида-2» миссияси экипажи чапдан ўнгга: канадалик астронавт Жереми Ҳансен, миссия командири Рид Уайсмен, астронавтлар Кристина Кох ва Виктор Гловер 2 апрел кунги видеоконференция чоғида
NASA
Астронавтлар Виктор Гловер (NASA), Жереми Ҳансен (CSA) ва Рид Уайсмен (NASA) «Орион» бортида. Парвоздаги фотосуратлар Nikon D5 камералари орқали олинган – улар космос шароитидаги радиация таъсирига чидамли
NASA
NASA тўғридан тўғри трансляцияси видеоёзувидан скриншот. 3 апрел куни Ер ва Ой ўртасидаги масофани босиб ўтиш вақтида Жереми Ҳансен тушлик қилмоқда, Кристина Кох иш билан банд
NASA / AFP / Scanpix / LETA
Ернинг Рид Уайсмен томонидан олинган сурати
Reid Wiseman / NASA / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
«Орион»нинг бир қисми Ой фонида. Бу кадр кеманинг қуёш батареяларидан бирига ўрнатилган камерада олинган.​​​​​
NASA / AFP / Scanpix / LETA
NASA видеотрансляциясидан скриншот. Миссия АҚШ Шарқий соҳил вақти билан 1 апрел куни соат 18:35 да старт олди (Тошкент вақти билан 2 апрел куни соат 03:35). SLS (Space Launch System) ракета ташувчисининг асосий босқичи кеманинг SRB (Solid Rocket Boosters) ён тезлатгичлари билан бирга стартдан тахминан 8 дақиқа ўтгач ажралиб чиқди.
NASA
«Орион»ни орбитага олиб чиққан Space Launch System (SLS) ракета-ташувчисининг Флорида космодромидан учирилиши
Bill Ingalls / NASA / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид