Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Март ойидаги инфляция: қайси маҳсулот қанчага қимматлашди?
Ўтган ойда асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум 2,1 фоизга, суякли мол гўшти 1,8 фоизга, шакар нархи 1,7 фоизга, қўй гўшти ва суяксиз мол гўшти 1,2 фоизга ошди. «2026 йил март ойида мол гўшти нархларининг ўзгариши ҳам импорт, ҳам маҳаллий мол гўштига нисбатан қайд этилди. Бунда республика бўйича энг арзон мол гўшти нархлари ўртача бир килограмм учун 5 000 сўм атрофида қимматлашди», дейилади Статқўм ҳисоботида.
Фото: Рамиз Бахтияров
2026 йил март ойида нархлар ошиши 0,6 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция 7,1 фоизга тенг бўлди, дея маълум қилди Миллий статистика қўмитаси.
2025 йилнинг мартида ойлик инфляция 0,9 фоиз, йиллик кўрсаткич 10,3 фоиз бўлганди. Шунга кўра, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан нарх-наволар ошиши 3,2 фоиз пунктига секинлашди.

Статқўм ҳисоботига кўра, ўтган ойда озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлар 0,3 фоизга қимматлашди. Хизматлар инфляцияси эса 0,2 фоизни ташкил этди.
Озиқ-овқатлар
Март ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум — 2,1 фоиз (2025 йил март ойига нисбатан +17 фоиз), суякли мол гўшти — 1,8 фоиз (+15,1 фоиз), қўй гўшти — 1,2 фоиз (+18,2 фоиз), суяксиз мол гўшти — 1,2 фоиз (+15,5 фоиз), тирик ва совитилган балиқ — 1,7 фоиз (+5,3 фоиз), шакар — 1,7 фоиз (+0,8 фоиз), сут — ўртача 0,3 фоиз (+5,2 фоиз), ун — ўртача 0,6 фоиз (+3,4 фоиз) ва ўсимлик ёғи нархлари ўртача 0,9 фоизга (+13,3 %) қимматлашди.
«2026 йил март ойида мол гўшти нархларининг ўзгариши ҳам импорт, ҳам маҳаллий мол гўштига нисбатан қайд этилди. Бунда республика бўйича энг арзон мол гўшти нархлари ўртача бир килограмм учун 5 000 сўм атрофида ошди», дейилади ҳисоботда.
Шу билан бирга, ой давомида гуруч ва гуруч оқшоғи 0,4 фоиз (йиллик нисбатда -12,3 фоиз), парранда гўшти 0,3−0,4 фоизга (+5,9−7,1 фоиз) арзонлашди.
Мева-сабзавотлар ичида помидор — 11,5 фоиз (2025 йилнинг мартига нисбатан -6,5 фоиз), булғор қалампири — 10 фоиз (-10 фоиз), картошка — 9,8 фоиз (+16,3 фоиз), қовоқ — 9,4 фоиз (-51,9 фоиз), олма — 7,4 фоиз (+19,9 фоиз) ва банан — 6 фоизга (+7,4 фоиз) қимматлашди. Ўз навбатида , бодринг нархи — 20,7 фоиз (-19,1 фоиз), карам нархи — 4,7 фоиз (+2,8 фоиз), пиёз нархи — 4,6 фоиз (-9,2 фоиз) ва сабзи нархи — 1 фоизга (-6,9 фоиз) пасайган.
Транспорт
Март ойи давомида бензин учун ўртача нархлар 0,9 фоиз (2025 йил март ойига нисбатан +9,2 фоиз)га пасайди. Бунда, бензиннинг АИ-92 маркаси — 0,9 фоиз, АИ-95 маркаси — 1,3 фоиз, АИ-98 ва АИ-100 маркалари эса — 0,5 фоизга арзонлашди. Пропаннинг нархи ой давомида 3,2 фоиз (2025 йил мартига нисбатан +9,6 фоиз)га арзонлашиб, 1 литр учун юқори нарх чегараси 8 400 сўмни ташкил этди.
Ўтган ойда метан нархи феврал ойи даражасида кузатилди, бироқ 2025 йил мартига нисбатан 30,3 фоизга юқори даражада сақланиб қолди. Шахсий транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари 0,9 фоиз (йиллик нисбат +7 фоиз), автотураргоҳлар хизмати 0,7 фоиз ( +12,6 фоиз)га қимматлашди.
Йўловчи ташиш транспорти хизматлари орасида миллий валютанинг евро ва Швейцария франкига нисбатан мустаҳкамлангани туфайли нархлар ва тарифлар пасайиши кузатилган. Хусусан, кузатилган йўналишлар бўйича авиапарвозлар нархи ўртача 4,1 фоизга, узоқ масофага қатновчи поездлар чипталари эса 0,5 фоизга арзонлашгани қайд этилди. Халқаро автобусларда ва шунга ўхшаш ташувларда йўлкира ҳақи 1,4 фоизга, такси хизматлари 0,4 фоизга, юк ташиш хизматлари эса ўртача 0,4 фоизга ошгани қайд этилди.
Шунингдек, ҳисобот даврида маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари 0,9 фоизга (йил давомида +28,7 фоиз) қимматлашди. Турар жой ижараси 0,2 фоиз (+2,2 фоиз), дори-дармонлар 0,7 фоиз (+4,6 фоиз), хусусий болалар боғчалари учун тўловлар 0,8 фоизга (йил давомида +4,8 фоиз) ошди.
Ҳудудлари кесимидаги инфляция
Март ойи якунларига кўра энг юқори инфляция Фарғона вилоятида қайд этилди: 7,5 фоиз. Хоразм вилоятида истеъмол нархлари ўртача 7,4 фоизга, Наманган, Бухоро вилоятларида эса 7,3 фоизга ўсди.
Энг паст инфляция Жиззах вилоятида: 6,4 фоиз. Тошкент вилоятида 6,8 фоизлик, Тошкент шаҳрида 6,9 фоизлик инфляция қайд этилди.

Мавзуга оид
18:45 / 30.03.2026
Президент 2026 йилда инфляцияни 6,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш вазифасини белгилади
12:23 / 25.03.2026
Тошкент вилоятида чиқинди тарифлари ошади
21:50 / 24.03.2026
Олтин кескин арзонлашди. Сабаб нима?
08:35 / 22.03.2026