Ўзбекистон | 08:31
605
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон юқори технологияли дори ишлаб чиқариши мумкин

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида онкология ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашга мўлжалланган юқори технологияли дори воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: “Дунё” АА

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Покистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги элчиси, The Searle Company Limited компанияси директори Саид Надим Аҳмад ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, Ўзбекистон фармацевтика бозорининг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда хорижий сармоялар учун яратилган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.

Покистон томони Ўзбекистонда юрак-қон томир, онкологик ва метаболик касалликларни даволашга мўлжалланган янги авлод дори воситаларини ишлаб чиқарувчи юқори технологияли корхона ташкил этиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирди.

Лойиҳани амалга ошириш доирасида ишлаб чиқариш учун энг мақбул ҳудуд танланмоқда. Тошкент шаҳри Лаҳор ва Ар-Риёд билан бир қаторда устувор манзиллардан бири сифатида кўрилмоқда.

Шунингдек, мазкур ташаббусга ўнлаб миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилган. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш жараёнига халқаро консалтинг компаниялари жалб этилган.

Учрашув якунида The Searle Company Limited компанияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Делегация Тошкентда лойиҳани амалга ошириш имкониятларини жойида ўрганади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид