Жаҳон | 15:35
11662
8 дақиқада ўқилади

Эрон ва АҚШ барибир келишди. Асосий маълумотлар

Ислом республикаси буни ўз ғалабаси деб эълон қилди. «Бутун тамаддуннинг ҳалокати» билан қўрқитган Трамп эса энди Яқин Шарқ учун «олтин аср» бошланишини башорат қилмоқда.

Abedin Taherkenareh / EPA / Scanpix / LETA

Трамп икки ҳафталик сулҳ эълон қилди. 8 апрелга ўтар кечаси, Қўшма Штатлар томонидан Эрон ислом республикаси раҳбариятига қўйилган ултиматум тугаётганида Трамп АҚШ Ҳўрмуз бўғози «тўлиқ, зудлик билан ва хавфсиз шартларда» очилиши эвазига Эронга ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатиб туришга рози бўлганини маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ барча ҳарбий мақсадларига «ортиғи билан эришган» ҳамда Эроннинг «музокаралар учун амалий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган» 10 банддан иборат таклифини қабул қилган. У Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги деярли барча баҳсли масалалар бўйича келишувга эришиб бўлинганини таъкидлаган.

Бир неча соат ўтиб Трамп яна бир пост ёзиб қолдирди, унда АҚШ Ҳўрмуз бўғозида тўпланиб қолган кемалар муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришини маълум қилди. «Кўплаб ижобий ҳаракатлар бўлади! Катта пул ишлаб олинади. Эрон тикланиш жараёнини бошлаши мумкин», – дея қўшимча қилган АҚШ президенти ва бу Яқин Шарқнинг «олтин асри»га айланиши мумкинлигини ваъда қилган.

Бундан бир неча соат олдин, 8 апрелга ўтар кечаси у «бутун бир тамаддун ҳалок бўлиши» ва уни «ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмаслиги»ни айтиб таҳдид қилганди. «Мен бундай бўлишини хоҳламасдим, лекин шундай бўлиши мумкин. Бироқ, ҳокимиятга бошқа, ақллироқ ва нисбатан мўътадилроқ кучлар келадиган бўлса, қандайдир инқилобий ўзгаришлар содир бўлиши ҳам мумкин», – дея ёзганди АҚШ президенти.

Эрон сулҳга рози бўлган. Эроннинг Трамп баёнотига расмий жавоби ислом республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи томонидан эълон қилинди. Унда агар Эронга қарши ҳужумлар тўхтайдиган бўлса, Теҳрон ҳам ўзининг «мудофаа амалиёти»га чек қўйишини билдирилган. Эронлик вазир икки ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш «Эрон қуролли кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва техник чекловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши»ни маълум қилган.

Шу билан бирга, Associated Press нашри музокаралар жараёнидан хабардор бўлган мулозимларга таяниб хабар қилишича, Теҳроннинг режаси бу икки ҳафта мобайнида Эрон ва Ўмон бўғоздан ўтаётган кемалардан тўлов ундиришда давом этиши мумкинлигини хабар қилган.

Эрон миллий хавфсизлик олий кенгаши Трамп ислом республикасининг шартларини қабул қилиш орқали «ўзининг умидсиз таҳдидлари ва алдовларидан воз кечди», мамлакат душманлари  «Эрон халқига қарши олиб борилган адолатсиз, ноқонуний ва жиноий урушда, шубҳасиз, тарихий ва қақшатқич мағлубиятга учрагани» қайд этилган. «Эрон буюк ғалабага эришди ва жиноятчи АҚШни ўзининг ўн банддан иборат режасини қабул қилишга мажбур этди», – дейилади баёнотда.

Ушбу режага кўра, АҚШ Эронга ҳужум қилмаслик, Ҳўрмуз бўғози устидан Эрон назоратини сақлаб қолиш, уранни бойитиш ҳуқуқини тан олиш, барча бирламчи ва иккиламчи санкцияларни бекор қилиш, БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча резолюцияларини тўхтатиш, товон пули тўлаш, АҚШ ҳарбий кучларини минтақадан олиб чиқиб кетиш ҳамда барча фронтлардаги урушни, жумладан, Ливандаги қаршилик ҳаракатига қарши курашни тўхтатиш мажбуриятини олгани айтилган.

АҚШ ҳозирча Эрон режасидаги муайян талаблар юзасидан изоҳ бермади.

Исроил ҳам сулҳга қўшилган. Мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси Исроил ҳам АҚШнинг бундан кейин Эрон томонидан Америка, Исроил, минтақадаги араб давлатлари ҳамда бутун дунё учун ядровий, ракета ва террорчилик таҳдиди бўлмаслигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Аммо бош вазир идораси ушбу оташ кесим Исроил иккинчи фронтни очган Ливанга нисбатан қўлланмаслигини қайд этган.

Исроиллик юқори мартабали мулозимлардан бири The Times of Israel нашрига берган интервюсида айтишича, АҚШ Эрон билан икки ҳафталик сулҳ тузиши ҳақида Исроилни «олдиндан хабардор қилган». 
Манбанинг таъкидлашича, музокаралар давомида АҚШ Эрондан ядровий материалларни тўлиқ олиб чиқиш, уранни бойитишни тўхтатиш ва баллистик ракеталар хавфини бартараф этишни талаб қилади.

Шу билан бирга, Трампнинг баёнотидан кейин ҳам Исроилда ҳаво тревогалари янграши давом этди. Мамлакат жанубидаги Тел-Шева аҳоли яшаш манзилида икки ўсмир парчалар тушиши оқибатида енгил яраланган.

Покистон сулҳга кўндирди. The New York Times манбаларига кўра, Эрон Покистоннинг дипломатик уринишлари ва сўнгги дақиқада Эронни «мослашувчанлик кўрсатишга» чақирган Хитойнинг аралашуви туфайли сулҳга розилик билдирган.

АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Трампнинг ултиматуми якунига бир неча соат вақт қолганида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф АҚШ президентига мурожаат қилиб, ундан дедлайнни икки ҳафта кейинга суришни, Эрон раҳбариятидан эса Ҳўрмуз бўғозини очишни сўраганди. Трамп ҳам, Ароқчи ҳам сулҳ тўғрисидаги баёнотларида Покистон раҳбарига миннатдорчилик билдирди. Унинг ўзи оташкесим бўйича келишувни олқишлади ва бу сулҳ Ливан учун ҳам амал қилишини таъкидлади.

Эрондаги Tasnim агентлиги музокараларнинг бошланиш санаси сифатида 10 апрелни келтирган. Эрон музокаралар учун икки ҳафта вақт ажратади, аммо бу муддат томонларнинг келишувига кўра узайтирилиши мумкин, дея ёзади Tasnim. Axios нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, музокаралар 10 апрел куни бошланиши кутилаётгани, АҚШ делегациясига вице-президент Жей Ди Вэнс раҳбарлик қилиши ҳақида ёзган.

Покистон Яқин Шарқда катта уруш бошлангач, АҚШ ва Эрон ўртасидаги асосий воситачига айланганди. Трампнинг охирги ултиматуми тугашига бир кун қолганида Reuters агентлиги Покистон урушни якунлаш бўйича икки босқичли режа тайёрлаганини хабар қилганди: биринчи босқичда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозини очиш, кейингисида якуний келишув тузиш кўзда тутилганди.

Нефт нархи кескин пасайди. Жаҳон бозорлари Эронда икки ҳафталик сулҳ ҳақидаги хабарларга нефт ва нефт маҳсулотлари нархи пасайиши билан реакция кўрсатди. Хусусан, Brent маркали нефтнинг бир баррели нархи 100 долларлик чегарадан тушиб, 94,5 долларгача пасайди. Сўнгги ҳафта давомида Brent нархи 110 доллар атрофида барқарор қолаётганди. WTI нефти нархи эса 19 фоизга пасайган.

Кузатувчилар Яқин Шарқда тинчлик келишувига эришилмайдиган бўлса, май ойига бориб нарх 150 долларгача етишини прогноз қилаётганди.

Шу билан бирга, ҳозирги нархлар Яқин Шарқдаги уруш бошланишидан олдинги нархларга нисбатан юқорилигича қолмоқда. Хусусан, 27 феврал куни бир баррел Brent нархи 67,02 долларга баҳоланганди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид