Ислом республикаси буни ўз ғалабаси деб эълон қилди. «Бутун тамаддуннинг ҳалокати» билан қўрқитган Трамп эса энди Яқин Шарқ учун «олтин аср» бошланишини башорат қилмоқда.
Трамп икки ҳафталик сулҳ эълон қилди. 8 апрелга ўтар кечаси, Қўшма Штатлар томонидан Эрон ислом республикаси раҳбариятига қўйилган ултиматум тугаётганида Трамп АҚШ Ҳўрмуз бўғози «тўлиқ, зудлик билан ва хавфсиз шартларда» очилиши эвазига Эронга ҳужумларни икки ҳафта муддатга тўхтатиб туришга рози бўлганини маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ барча ҳарбий мақсадларига «ортиғи билан эришган» ҳамда Эроннинг «музокаралар учун амалий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган» 10 банддан иборат таклифини қабул қилган. У Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги деярли барча баҳсли масалалар бўйича келишувга эришиб бўлинганини таъкидлаган.
Бир неча соат ўтиб Трамп яна бир пост ёзиб қолдирди, унда АҚШ Ҳўрмуз бўғозида тўпланиб қолган кемалар муаммосини ҳал қилишда ёрдам беришини маълум қилди. «Кўплаб ижобий ҳаракатлар бўлади! Катта пул ишлаб олинади. Эрон тикланиш жараёнини бошлаши мумкин», – дея қўшимча қилган АҚШ президенти ва бу Яқин Шарқнинг «олтин асри»га айланиши мумкинлигини ваъда қилган.
Бундан бир неча соат олдин, 8 апрелга ўтар кечаси у «бутун бир тамаддун ҳалок бўлиши» ва уни «ҳеч қачон ортга қайтариб бўлмаслиги»ни айтиб таҳдид қилганди. «Мен бундай бўлишини хоҳламасдим, лекин шундай бўлиши мумкин. Бироқ, ҳокимиятга бошқа, ақллироқ ва нисбатан мўътадилроқ кучлар келадиган бўлса, қандайдир инқилобий ўзгаришлар содир бўлиши ҳам мумкин», – дея ёзганди АҚШ президенти.
Эрон сулҳга рози бўлган. Эроннинг Трамп баёнотига расмий жавоби ислом республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи томонидан эълон қилинди. Унда агар Эронга қарши ҳужумлар тўхтайдиган бўлса, Теҳрон ҳам ўзининг «мудофаа амалиёти»га чек қўйишини билдирилган. Эронлик вазир икки ҳафта давомида Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш «Эрон қуролли кучлари билан мувофиқлаштирилган ҳолда ва техник чекловларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши»ни маълум қилган.
Шу билан бирга, Associated Press нашри музокаралар жараёнидан хабардор бўлган мулозимларга таяниб хабар қилишича, Теҳроннинг режаси бу икки ҳафта мобайнида Эрон ва Ўмон бўғоздан ўтаётган кемалардан тўлов ундиришда давом этиши мумкинлигини хабар қилган.















