Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ер «ботиши» ва Қуёш тутилиши. NASA Ой орбитасидан олинган ноёб кадрларни намойиш этди
Фотосуратларда Ернинг Ой уфқига ботиши ва Ой орбитасидан кузатилган Қуёшнинг тўлиқ тутилиши тасвирланган.
Фото: NASA
Америка Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) «Артемида II» миссияси экипажи Ойнинг нариги томони бўйлаб парвоз пайтида олган бир неча фотосуратни эълон қилди.
«Earthset» деб номланган биринчи суратда ёрқин оқ булутларга эга кўкимтир Ер Ойнинг кратерлар билан қопланган юзаси уфқи ортига яшириниши акс этган.
«The Artemis II Eclipse» деб номланган иккинчи сурат ҳам 6 апрелда олинган бўлиб, у Ой орбитасидан кузатилган Қуёшнинг тўлиқ тутилишини (Ой Қуёшни тўлиқ ёпиб қўйишини) кўрсатади.
Ушбу ноёб кузатув нуқтаси нафақат таъсирчан визуал тасвирни, балки астронавтлар учун инсониятнинг узоқ коинотга қайтиши доирасида қуёш тожини қайд этиш ва тасвирлаш учун қимматли имкониятни ҳам тақдим этади.
***
Тўрт нафар астронавт сешанбага ўтар кечаси Ернинг табиий йўлдошини айланиб учди. Улар етти соат мобайнида Ой орбитасида бўлишди, бу парвоз чоғида «Орион» космик кемаси Ердан рекорд масофада узоқлашди, шунингдек, капсула 40 дақиқа мобайнида режали равишда Ҳюстондаги Парвозларни бошқариш маркази билан алоқани узди.
Аксарият одамлар Қуёш тўлиқ тутилишини ҳеч қачон ўз кўзлари билан кўришмаган, бунда Ой ва Қуёш бир чизиққа тизилган пайтда Ой Қуёш айланасини тўлиқ ёпади ва фақат унинг атмосферасидаги энг ташқи қатлам ҳисобланган тожларгина кўринади.
Астронавтлар учун бу парвоздаги энг ёрқин лаҳзалардан бири бўлган. Виктор Гловер ўзи гувоҳ бўлган ҳодисани «илмий фантастика» деб атаган ҳамда қуёш тожи қандай кўринишда бўлганини айтиб берган.
«Бу ҳамон нореал бўлиб кўринмоқда, – дейди у. – Қуёш Ой ортига яширинди, аммо тож ҳамон кўриниб туради: у ёрқин ва бутун Ой атрофида нур таратиб туради».
Ерда қуёш тутилишини кўрган одамлар одатда фақат тутилишнинг тўлиқ фазасида бир неча дақиқа баҳра олиши мумкин, «Орион»даги астронавтлар учун эса бу манзара қарийб бир соат сақланиб турди.
«Ер бу ерда ёрқин нур таратади, Ой эса шунчаки тепамизда осилиб турарди», – дея кўрганларини тасвирлайди Виктор Гловер.

Ер Ой уфқига ботиши акс этган фотосурат 1968 йилда «Apollon 8» миссияси пайтида Билл Андерс томонидан олинган машҳур «Earthrise» («Ернинг кўтарилиши») фотосуратини эслатади. Бу миссия кейинроқ инсон қадами Ой сатҳига биринчи бор тегиши кузатилган «Apollon 11» миссияси учун дебоча бўлганди.
Чексиз коинот фонида заиф мовий сайёранинг ушбу кўриниши ҳали ҳам тарихдаги энг муҳим фотосуратлардан бири ҳисобланади. Шу жумладан, у табиатни муҳофаза қилиш ҳаракатининг ривожланишига ёрдам берган.
NASA’дагилар «Earthset» («Ернинг ботиши») номли сурат «Орион» космик кемаси иллюминаторидан Вашингтон вақти билан душанба куни соат 18:41 да (Гринвич бўйича 22:41) олинганини маълум қилган.
«Ернинг қоронғи қисми тун оғушида. Сайёранинг кундузги томонида, Австралия ва Океания минтақаси узра қуюқ булутлар кўриниб турибди», – дейилади фотосурат тарифида.
Ҳозирда «Артемида-2» миссиясининг тўрт нафар астронавти Ерга қайтмоқда. Улар 11 апрелга ўтар кечаси Ер атмосферасига 40 000 км/с тезликда кириб келишади ва Тинч океанига тушишади.
Мавзуга оид
21:50 / 07.04.2026
Тарихий миссия: астронавтлар рекорд масофага учиб боришди, Ойни айланиб ўтишди ва нариги томондан сурат олишди
08:47 / 07.04.2026
“Орион” кемаси Ердан 407 минг километр узоқлашди
23:12 / 06.04.2026
NASA Ойнинг орқа томонини кўрсатди
18:12 / 06.04.2026