Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Осиё Амазонияси»да ноёб ҳайвонлар фотоқопқонларга муҳрланди
Кам ўрганилган, «Осиё Амазонияси» деб аталувчи ҳудудда фотоқопқонлардан фойдаланилган йирик тадқиқот йўқолиб кетиш хавфи остида турган ва ниҳоятда яширин ҳаёт кечирадиган ҳайвонларнинг ноёб тасвирларини олиш имконини берди.
Тутунранг қоплон / © Fauna & Flora
2025 йил давомида олимлар автоматик камералар ёрдамида кузатув олиб борди ва бу Аннамит тоғларининг биохилмахиллиги ҳақида янги тасаввурларни тақдим этди. Камералар объективига Лаос, Ветнам ва Камбожанинг шимоли-шарқида жойлашган ўрмонларда яшовчи кўплаб ноёб ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар тушди. Бу тасвирлар Жануби-Шарқий Осиёдаги энг муҳим ўрмон массивларидан бирининг экологик аҳамиятини яна бир бор кўрсатади. Мазкур ҳудуд тахминан 1100 километрга чўзилган.
Лойиҳага Fauna & Flora ташкилотининг Камбожа дастури раҳбарлик қилди. У Камбожа Атроф-муҳит вазирлиги ва Ратанакири вилояти экология департаменти билан ҳамкорликда, маҳаллий туб аҳоли жамоалари кўмагида амалга оширилди. Маҳаллий аҳоли камералар ўрнатиладиган жойларни танлашда, жиҳозларни етказиб беришда ва қўриқланадиган ҳудуднинг етиб бориш қийин бўлган қисмларидан хотира карталарини олиб чиқишда ёрдам берди.
Фотоқопқонлар ёввойи табиатнинг бой хилма-хиллигини қайд этди: Осиё филлари, тутунранг қоплонлар, мармар мушуклар, макакалар ва кулранг товуссимон фазанлар тасвирга тушди.
Қайд этилган қушлар орасида икки шохли калао ҳам бор эди. Унинг мавжудлиги соғлом ўрмон экотизимининг белгиси сифатида қаралади.
Fauna & Flora ташкилоти 1990-йиллардан буён Аннамит ҳудудида фаолият юритиб, минтақа ўрмонларини муҳофаза қилишга кўмаклашиб келмоқда. Ташкилот маълумотларига кўра, фотоқопқонлар ёрдамида олиб борилган узоқ муддатли кузатувлар ёввойи табиат учун асосий таҳдидлар яшаш муҳитининг вайрон бўлиши ва парчаланиши, шунингдек, кенг тарқалган сиртмоқлардан фойдаланиш эканини кўрсатмоқда. Бу омил ҳатто нисбатан деярли дахл қилинмаган ўрмонларда ҳам ҳайвонлар сонининг тез камайишига олиб келиши мумкин.