Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кузбасс ҳибсхонасида 18 нафар ўзбекистонлик сақланаётгани аниқланди
Россиянинг Кемерово вилояти, Кузбасс ҳудудида жойлашган тергов ҳибсхонасида 18 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланаётгани маълум бўлди. Улар бир жиноят иши доирасида суд жараёнини кутиб, ҳибсда ушлаб турилмоқда.
Фото: РИА Новости
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги бош консули мазкур ҳибсхонага ташриф буюриб, ватандошлар билан учрашув ўтказган. Учрашув давомида ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, шикоятлари ва таклифлари тингланган.
Шунингдек, фуқароларга нисбатан қўлланаётган Россия жиноят кодекси моддаларини енгиллаштириш ва ишни тезроқ судга ошириш бўйича ишлар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берилган.
Учрашув чоғида тиббий ёрдамга муҳтож бўлган бир нафар фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатилиши таъминлангани ҳам қайд этилди.
Бундан ташқари, бош консул Кемерово ҳамда Ленинск-Кузнецкий шаҳарларида меҳнат қилаётган ватандошлар билан сайёр консуллик қабулини ўтказган. Унда фуқароларга қабул қилувчи мамлакат қонунларига риоя қилиш зарурлиги тушунтирилиб, ҳуқуқлари бузилганда консулхонага мурожаат қилиш тавсия этилган.
Шу куни яна 20 нафар Ўзбекистон фуқароси консуллик рўйхатига олиниб, уларга ҳуқуқий ва консуллик масалалари бўйича зарур тушунтиришлар берилган.