Ўзбекистон | 15:23
5175
2 дақиқада ўқилади

«Дежурний жабрланувчилар» иши. ИИВ ҳолатни ўрганмоқда

Ички ишлар вазирлиги расмийси Kun.uz сайтининг «сохта жабрланувчилар орқали жиноятчи ясаш» амалиёти ҳақидаги мақоласи юзасидан муносабат билдириб, махсус реестр юритиш йўлга қўйилганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz 

11 апрел куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири ички ишлар органларида «дежурний жабрланувчилар» амалиёти шаклланаётгани, айрим ҳолатларда «жиноятчига айлантириш» усули кузатилаётгани ҳақида саволни кўтарди.

Ички ишлар вазири ўринбосари, Тергов департаменти раҳбари Рамазон Ашропов мазкур масала юзасидан текширувлар бошланганини маълум қилди.

У хизмат текширувлари ёки суриштирувлар жараёнида «навбатчи жабрланувчилар» ҳолатлари аниқланса, тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади.

Шунингдек, судлар томонидан юборилаётган хусусий ажримлар ҳам ўрганилмоқда.

«Ижтимоий тармоқларни биз ҳам кузатиб, мониторинг қилиб кўриб борамиз. Негатив ҳолатлар таҳлил қилинади ва бартараф этиш чоралари белгиланади. Келиб тушаётган ҳар бир материал терговга қадар текширув ўтказувчи – ЙҲХВ, профилактика ва жиноят-қидирув бўлинмалари томонидан ўрганилади.

Сизларнинг эътирозингиздан кейин ҳақиқатан бундай ҳолат борми-йўқми, текширишга киришдик. Бу масала бўйича алоҳида реестр юритиляпти. Албатта, бу тўғри кўтарилган масала, “дежурний жабрланувчилар” бўлиши мумкин. Қонун бузилиши аниқланса, барчасига нисбатан қонун устуворлиги таъминланади», – деди Ашропов.

Маълум қилинишича, ҳозирда ҳар бир ҳудуд бўйича келиб тушаётган материаллар юзасидан алоҳида реестр шакллантирилган. У 208 та туман кесимида юритилиб, назорат шахсан вазир ўринбосари зиммасига олинган.

Аввалроқ Kun.uz’да Жиззах вилоятида «дежурний жабрланувчи» орқали жиноят иши ясашга уриниш ва бу «дежурний жабрланувчи» бир неча жиноят ишларида аризачи сифатида қатнашгани очиқланган эди.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид