Иқтисодиёт | 15:37
3882
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон автомобил бозорида Chevrolet'нинг улуши 80 фоиздан пасайди

UzAuto Motors 1-чоракда сотувларни 12 фоизга оширишга эришди, лекин бошқалар ундан анча тезроқ ўсяпти. Масалан, BYD Uzbekistan ҳозир ўтган йилга қараганда 2 баробар кўпроқ автомобил сотмоқда. Ўтган бир йил давомида Yuan Up'га талаб 5 баробарга ошди. Song Plus сотувлари эса 2 каррага кўпайди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон автомобил саноати корхоналари 2026 йил 1-чорагида 91 088 та автомобил сотди, дея хабар берди “Ўзавтосаноат” АЖ. Бу кўрсаткич – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15 735 тага ёки 21 фоизга кўп.

Бир йиллик динамикага қаралса, BYD Uzbekistan сотувларни қарийб 2 баробарга оширгани эътиборли. Компания ўтган йили январ-март ойларида 4045 та автомобил сотган бўлса, жорий йилнинг шу даврида сотувлари 93 фоизга ошган ва 7799 тага етган.

Шунингдек, 1-чоракда ADM Jizzakh сотувлари 26 фоизга (8623 тадан 10 886 тага), Khorezm Auto сотувлари 24 фоизга (21 275 тадан 26 348 тага) ошган.

Бозор етакчиси UzAuto Motors эса 12 фоизлик ўсишга эришган: 1-чоракда сотилган автомобиллар сони 40 985 тадан 45 881 тага етган.

Автомобил брендлари кесимидаги рақамларга келсак, Chevrolet брендининг бозордаги улуши 80 фоиздан пасайганини кўриш мумкин: ўтган йили 1-чоракда бу брендга мансуб автомобиллар бозорнинг 82,6 фоизини ташкил этган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 79,3 фоизгача тушган.

Шу билан бирга, Chevrolet сотувлари 16 фоизга ошганини ҳам қайд этиш лозим. Лекин бошқа брендлар, аниқроғи BYD (+93%) ва Kia (+65%) сотувлари бозор етакчисига қараганда тезроқ ўсгани натижасида, ўтган бир йил давомида Chevrolet'нинг бозордаги доминант улуши 3,3 фоиз пунктга қисқарган.

Автомобил моделлари қатори етакчиси – Chevrolet Cobalt сотуви жорий йил биринчи чоракда 24 мингтага етмаган, бу – 17 фоизлик пасайишни кўрсатади.

Damas, Tracker ва Onix'га талаб эса сезиларли ошган: Damas сотуви 22 фоизга (18,8 мингта сотилган), Tracker харидорлари 55 фоизга (11,2 мингта), Onix сотувлари эса 156 фоизга (10,4 мингта) кўпайган.

Chevrolet брендидан ташқарида энг кўп сотилаётган модел ҳамон Kia Sonet бўлиб қолмоқда: бу автомобил жорий йил 1-чоракда салкам 5600 та сотилди, бу – бир йил олдингига қараганда 43 фоизга кўп.

Кейинги ўриндаги BYD Song Plus Champion DMI сотувлари 2 баробарга ошган (2,8 мингта сотилган, +97%), лекин ўсиш суръати бўйича етакчи у эмас.

BYD Uzbekistan ўтган йили шу даврда қарийб 400 та Yuan Up сотган эди, жорий йилда эса бу кўрсаткич 2,1 мингтага етди. Яъни бу моделга талаб ўтган бир йил давомида 5,2 баробарга ошган.

“Ўзавтосаноат” АЖ эълон қилган инфографикалар

2025 йил 1-чорак:

2026 йил 1-чорак:

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид