Ўзбекистон | 07:35
20222
3 дақиқада ўқилади

1853 йилги Орол денгизи харитаси эълон қилинди

XIX асрда Орол денгизи энг серсув даврини бошдан кечираётган эди. Янги тасвирда 1848–1849 йиллардаги экспедиция натижалари асосида яратилган унинг харитаси келтирилган.

Фото: Kun.Uz

Орол денгизи денгиз деб аталса-да, аслида у кўл ҳисобланади. XX асрда у дунёдаги ҳажми бўйича тўртинчи йирик кўл саналган.

Радиокарбон таҳлили маълумотларига кўра, Орол денгизи тахминан 17,6 минг йил аввал тоғ музликларининг эриши натижасида шаклланган. Дастлаб кўл тоза сувли бўлган, фақат бир неча минг йилдан кейин унинг шўрланиш даражаси сезиларли ошган. Унинг сув сатҳи доимий бўлмаган, нисбатан серсув ҳолатига эса XVI асрнинг иккинчи ярмида эришган.

Оролни ўрганишга уринишлар XVIII асрда ҳам бўлган, аммо улар юзаки хусусиятга эга эди. Оролбўйи ҳудудидаги биринчи илмий экспедиция 1848–1849 йилларда ўтказилган. Экспедицияга капитан-лейтенант Алексей Бутаков раҳбарлик қилган. Тадқиқот иштирокчилари Орол денгизининг тўлиқ тавсифини тузган, жумладан, чуқурликларини баҳолаган ва оролларини ўрганган.

Орол денгизининг 1853 йилги харитаси / © A. Petermann, The Journal of the Royal Geographical Society of London / Wikipedia

Денгиз вазирлигининг Гидрография департаменти 1950 йилда Оролнинг денгиз харитасини нашр этган. Харитага қирғоқ чизиғи, қуйиладиган дарёлар дельталари ва ирмоқлар батафсил туширилган. Шунингдек, қирғоқ ва орол ландшафтига алоҳида эътибор қаратилган. Харитада тоғлар, кечувлар, тўғонлар ва аҳоли пунктлари ҳам кўрсатилган. Харита масштаби 1 дюймда 15 верст бўлган — бу тахминан 1 сантиметрда 6,3 километрга тўғри келади.
 

Орол денгизининг 1950 йилги харитаси / © Бутаков А.И., Поспелов К.Е. / Денгиз вазирлиги Гидрография департаменти / rusneb

1853 йилги вариант эса «Қироллик география жамияти журнали»да чоп этилган. Гравюра муаллифи картограф Август Петерман бўлган.

XX асрнинг 60-йиллари бошида Орол денгизи қурий бошлади. Бунинг асосий сабабларидан бири — Амударё ва Сирдарёдан сувнинг жуда катта ҳажмда олиниши бўлди. Ушбу сув қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари, аввало пахта етиштиришни суғориш учун ишлатилган. 1989 йилда кўл икки сув ҳавзасига бўлиниб кетди. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Жанубий (Катта) Орол деярли бутунлай Оролқум чўлига айланди. Шимолий Оролда эса сув сатҳи Кўкарал тўғони туфайли аста-секин барқарорлашмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид