Жаҳон | 15:22 / 16.04.2026
4673
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилиб, округлар ташкил этилади

Дастлаб пилот лойиҳа сифатида битта округ ташкил этилади. Асосий мақсад, унинг республика дотациясидан чиқиб кета олиш-олмаслигини ўрганишдир. Агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, вилоят ва туманлар тугатилиб, республика округларга бўлинади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистонда вилоят ва туманлар тугатилади. Уларнинг ўрнига 20та округ ташкил этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда республикада 44 туман ва 33 шаҳар мавжуд.

«Вилоятлар ва туманлар тугатилади, 20та округ қолади – содда қилиб тушунтирсам, 20та вилоят бўлади. Лекин бунга яна уч-тўрт йил бор», — деди у Новқат тумани аҳолиси билан учрашув чоғида маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг биринчи босқичи ҳақида маълумот бераркан.

Жапаровнинг қайд этишича, дастлаб бошқарув қандай амалга оширилишини кўриш мақсадида икки-уч йиллик пилот лойиҳа сифатида битта округ ташкил этилади. Асосий мақсад, унинг республика дотациясидан чиқиб кета олиш-олмаслигини ўрганишдир. Агар лойиҳа муваффақиятли чиқса, вилоят ва туманлар тугатилиб, республика округларга бўлинади.

Садир Жапаров маъмурий-ҳудудий ислоҳотларнинг биринчи босқичи муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади.

Ислоҳотлар натижасида ўтган икки йил ичида мамлакатда овул аймоқлари сони 452тадан 231тага камайтирилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид