Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Суриядан барча қўшинларини олиб чиқди
Сурияда жойлаштирилган Америка қўшинлари мамлакатдан тўлиқ олиб чиқилди. Дамашқ ҳукумати АҚШ ҳарбийларининг тўлиқ чиқиб кетганини эълон қилди. АҚШ томони ҳам бу маълумотни тасдиқлаб, ИШИДга қарши кураш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашда шерикларга ёрдам беришда давом этишини билдирди.
Суриядан ушбу мамлакатда жойлаштирилган АҚШ қўшинлари тўлиқ олиб чиқилди. Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ва экспатриантлар ишлари бўйича идораси 16 апрель, пайшанба куни X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида, “илгари Сурияда Америка қўшинлари бўлган ҳарбий объектларнинг Сурия ҳукуматига топширилиши якунлангани”ни олқишлашини маълум қилди.
Дамашқ баёнотида қайд этилишича, “Қўшма Штатларнинг Суриядаги ҳарбий миссиясини якунлаш ҳақидаги қарори Сурияда Америка ҳарбий иштирокига дастлаб сабаб бўлган шароитлар, яъни ИШИДнинг минтақавий юксалишига қарши туриш зарурати тубдан ўзгаргани ҳақидаги умумий баҳони акс эттиради”. Сурия ТИВга кўра, бугунги кунда Сурия давлати халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда ички ресурслар орқали терроризмга қарши курашга тўлиқ раҳбарлик қилиш имкониятига эга.
Дамашқда, шунингдек, ҳарбий объектларни топшириш “Сурия ва Америка ҳукуматлари ўртасида тўлиқ мувофиқлаштирилган ҳолда ва юқори профессионал даражада” амалга оширилгани таъкидланди. Сурия томони бу жараённи Дамашқ ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг конструктив тус олгани белгиси сифатида баҳолаган.
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги — CENTCOM вакиллари ҳам бу маълумотни тасдиқлади. AP келтирган баёнотга кўра, CENTCOM вакили Тим Хокинс “АҚШ кучлари Суриядаги барча асосий базаларимизни босқичма-босқич ва вазиятдан келиб чиққан ўтиш жараёни доирасида топшириб бўлди”, деб айтган.
Унинг қўшимча қилишича, америкалик ҳарбийлар “ИШИДнинг мутлақ мағлубиятини таъминлаш ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган шериклар бошчилигидаги антитеррор операцияларини қўллаб-қувватлашда” давом этади.
AFP мухбирлари Сурия шимоли-шарқидаги Касрак базасидан ҳарбий техника олиб чиқаётган Америка автокарвонининг Ироқ томон ҳаракатланганини кузатган. Манбаларга кўра, жорий йил февраль ойида CENTCOM ва Сурия Мудофаа вазирлиги Ат-Танф базасидан ҳам Америка қўшинлари чиқарилиб, назорат Сурия кучларига топширилганини тасдиқлаган эди. Шунингдек, 2025 йил апрелида АҚШ Сурия шимоли-шарқидаги саккиз базасидан учтасини ёпаётгани ва контингент сонини 2000 нафардан 1400 нафарга қисқартириши маълум бўлган.