Жаҳон | 07:33
5077
2 дақиқада ўқилади

Саудиянинг бир километрлик минораси қурилиши 100-қаватга етди

Саудия Арабистонида қурилаётган Jeddah Tower осмонўпар биноси 100-қават маррасига етди. Шу тариқа у дунёдаги баландлиги бир километрга етадиган илк бино мақоми сари яна бир муҳим қадам ташлади. Лойиҳани 2028 йилда якунлаш режалаштирилган.

Фото: AP

Қизил денгиз соҳили бўйлаб жойлашган шаҳар манзараси тез ўзгармоқда: осмонўпар бино расман муҳим босқични босиб ўтиб, 100-қаватга етди. Манбаларга кўра, ушбу босқич 2026 йил 14 апрель куни қайд этилган. Бу эса дунёдаги биринчи “километрлик” бино ҳақидаги ғоя энди олис орзу эмас, балки муҳандислик салоҳияти ва аниқ мувофиқлаштирилган ишлар асосида амалга ошаётган воқеликка айланаётганини кўрсатади.

Аввал Kingdom Tower номи билан танилган ушбу лойиҳа 2018 йилда тўхтаб қолганидан сўнг, 2025 йил январда тўлиқ миқёсдаги қурилиш ишларини қайта тиклади. Шундан бери майдонда ишлар анча жадаллашган.

Jeddah Tower йирик Jeddah Economic City лойиҳасининг марказий қисми ҳисобланади. Ушбу мажмуа Саудия Арабистонини халқаро бизнес ва нуфузли туризм марказларидан бирига айлантиришга қаратилган.

Лойиҳа Adrian Smith + Gordon Gill меъморлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Бу бюро, шунингдек, Дубайдаги Burj Khalifa осмонўпар биноси муаллифлари сифатида ҳам танилган. Иншоотнинг якуний баландлиги камида 1000 метр бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда эса миноранинг баландлиги 402 метрга етгани айтилмоқда.

Қурилишни 2028 йилда, айрим манбаларга кўра эса август ойида якунлаш режалаштирилган. Лойиҳа Саудия Арабистонининг Vision 2030 дастуридаги муҳим ташаббуслардан бири сифатида кўрилади ва мамлакатнинг иқтисодий диверсификация ҳамда технологик ривожланишга интилишини ифодалайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид