Жаҳон | 08:49 / 21.04.2026
4957
3 дақиқада ўқилади

Оқ уйда янги кадрлар инқирози: яна бир вазир истеъфога чиқди

АҚШ меҳнат вазири Лори Чавес-Деремер номуносиб хатти-ҳаракатларда айбланиши ортидан Дональд Трамп маъмуриятини тарк этмоқда. The Atlantic нашри маълумотига кўра, Оқ уй яқин орада бошқа вазирларни ҳам истеъфога чиқариши мумкин.

АҚШ меҳнат вазири Лори Чавес-Деремер президент Дональд Трамп маъмуриятини номуносиб хатти-ҳаракатлар ҳақидаги айбловлар ортидан тарк этмоқда. Оқ уй коммуникациялар бўйича директори Стивен Чунг 21 апрель, сешанбага ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида маълум қилишича, Чавес-Деремер “хусусий секторда фаолият юритишга ўтади”.

Чунг баёнотига кўра, унинг истеъфосидан сўнг меҳнат вазири вазифасини вақтинча Кит Сондерлинг бажаради. Чавес-Деремернинг ўзи ҳам Х тармоғида бу “тарихий маъмуриятда хизмат қилиш ва буюк президент билан ишлаш” у учун “шараф” бўлганини таъкидлади.

CNN телеканали қайд этишича, сўнгги ойларда вазирликда Чавес-Деремер устидан берилган номуносиб хатти-ҳаракатлар ҳақидаги шикоят юзасидан ички текширув ўтказилган. У хавфсизлик хизмати ходими билан жинсий муносабатда бўлганлик, хизмат сафарларидан шахсий саёҳатлар учун баҳона сифатида фойдаланганлик ва лавозим ваколатларини бошқа тарзда суиистеъмол қилганликда айбланган.

Жумладан, Чавес-Деремер хизмат сафарларини шундай ташкил этишни сўраганки, бу орқали у аралаш жанг санъати — UFC жангларига бориш, концертларда қатнашиш, шунингдек, бошқа шаҳарлардаги дўстлари ва оила аъзоларини кўриб келиш имконига эга бўлган. Бундан ташқари, CNN хабарига кўра, меҳнат вазири ўз ходимларидан унга алкоголь маҳсулотлари сотиб олиб беришни талаб қилган. Шунингдек, сексуаллаштирилган зўравонликка оид айбловлар сабабли Чавес-Деремернинг турмуш ўртоғига вазирлик биносига кириш тақиқланган.

CNN маълумотига кўра, текширув фонида Чавес-Деремернинг икки нафар ёрдамчиси март ойида ўз лавозимини тарк этган.

Лори Чавес-Деремер сўнгги икки ойдан кам вақт ичида Дональд Трамп маъмуриятини тарк этаётган учинчи аёл амалдор бўлди.

Апрель ойи бошида президент АҚШ бош прокурори Пэм Бондини лавозимидан озод этган эди. The New York Times маълумотига кўра, Трамп Адлия вазирлиги унинг раҳбарлигида Жеффри Эпштейн ишига оид материалларни эълон қилганидан норози бўлган. Март ойида эса ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм ҳам ўз лавозимини тарк этган.

Politico нашри ёзишича, Трамп вазирлар маҳкамасида янги ўзгаришлар ҳақида ўйламоқда ва “ўз вазифасини уддалай олмаётган ёки ҳаддан ташқари кўп салбий муносабат уйғотаётган” амалдорларни истеъфога чиқаришни режалаштирган.

The Atlantic маълумотига кўра, шу муносабат билан Оқ уйда савдо вазири Говард Лютник, ФТБ директори Кэш Пател ва Украинадаги урушни якунлаш бўйича музокараларда иштирок этган армия вазири Дэниел Дрисколлнинг эҳтимолий истеъфолари ҳам муҳокама қилинмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид