Спорт | 12:21
7468
7 дақиқада ўқилади

«Сити» биринчи ўринга чиқиб олди, Ямалда жиддий жароҳат

«Бёрнли»га қарши сафарда кичик ҳисобда ғалаба қозонган «шаҳарликлар» мавсум бошидан буён илк бор «Арсенал»ни қувиб ўтиб, биринчи ўринга чиқди, Абдуқодир Ҳусанов ўйиннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди. «Барселона» навбатдаги ғалабага эришди, аммо Ямал пеналти тепиш вақтида олган жароҳати туфайли жаҳон чемпионатидан қолиб кетиши мумкин.

Англия: етакчининг минимализми

«Бёрнли» – «Манчестер Сити» 0:1
Гол:
Ҳоланд, 5 (0:1)
«Бёрнли»: Дубравка, Эстев, Ҳамфрис (Флорентину, 82), Экдал, Ҳартман, Уокер, Уорд-Проуз, Лоран (Эдвардс, 87), Энтони (Трезор Ндайишимийе, 87), Чауна (Фостер, 72), Флемминг (Бройя, 82)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Гейи, Ҳусанов, Айт Нури (Гонсалес, 65), Матеус Нунес, Бернарду Силва, О`Райли, Шерки, Доку, Семенё (Савио, 65), Ҳоланд

«Манчестер Сити» «Бёрнли» майдонига имкон қадар кўпроқ гол уришни мақсад қилган ҳолда ташриф буюрди, «шаҳарликлар» жамоаси учун «Арсенал» билан пойгада ҳар бир гол муҳим – мавсум якунида очколар тенг келиб қоладиган бўлса, биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади. Ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ меҳмонлар намунали қарши ҳужум уюштиришди ва Доку Ҳоландни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, норвегиялик ҳужумчи мавсумдаги 24-голини нишонлади. Хосеп Гвардиола жамоаси кўпроқ гол ургани туфайли лайв режимда турнир жадвалининг биринчи ўрнига кўтарилди.

Биринчи бўлим давомида ҳисоб йириклашиб кетиши ҳам мумкин эди. Ҳисоб 0:0 ҳолатида ҳам Семенё Шеркини идеал позицияга чиқарган, аммо Райан Дубравкани доғда қолдира олмаганди. Словакиялик ушбу дарвозабон ўйин давомида яна кўплаб сейвлар амалга оширди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

1:0 – Гвардиола жамоаси 20 дан ортиқ зарба берган бўлса-да, кичик ҳисобдаги ғалаба билан чекланди. Аммо «Сити» очколари сонини «Арсенал»никига етказиб олди (70 тадан) ва тўплар нисбати бир хил бўлганига (+37) қарамай, кўпроқ гол ургани эвазига (63 га қарши 66) турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. «Бёрнли» эса расман АПЛ билан хайрлашди – жамоа кейинги мавсумни яна чемпионшипда ўтказади.

Абдуқодир Ҳусанов мазкур баҳсда тўлиқ ҳаракат қилди. Sofascore портали ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини 7,7 баллга лойиқ кўрди. «Сити» сафида яна шундай баҳо Райан Шеркига берилган. Бу «шаҳарликлар» ўйинчиларига берилган энг юқори баллар. Ҳатто гол муаллифи Эрлинг Ҳоландга 7,6 балл берилган. Ўйиндаги энг юқори баллни Мартин Дубравка олган – 9,5 балл.

Испания: Симеоненинг антирекорди

«Элче» – «Атлетико» 3:2
Голлар:
Гонсалес, 10 (0:1). Аффенгрюбер, 18 (1:1). Андре Силва, 33 –пеналти (2:1). Гонсалес, 34 (2:2). Андре Силва, 75 (3:2)
«Элче»: Дитуро, Аффенгрюбер, Петро (Бигас, 82), Сангаре (Чуст, 60), Виляр, Фебас, Нето (Хосан, 67), Валера, Тете Моренте (Родригес, 67), Андре Силва, Мир (Сепеда, 67)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман (Молина, 46), Диас (Пубил, 46), Боняр, Мендоса (Барриос, 62), Кардозо, Варгас (Гризманн, 62), Гонсалес, Баэна (Симеоне, 62), Алмада
Огоҳлантиришлар: Фебас, 45. Сангаре, 45 – Лангле, 36. Диас, 38
Четлатиш: Алмада, 30

Амалда ла лига чемпионлиги учун курашдан чиққан ва мотивациядан маҳрум бўлган «Атлетико» бу сафар ҳам аралаш таркиб туширди. Шунга қарамай, мадридликлар Гонсалеснинг тезкор голи билан ҳисобни очишди, бироз ўтиб ҳисоб тенглашди, 30-дақиқада эса мадридликлар сафидаги кам сонли асосий таркиб футболчиларидан бири бўлган Алмада қўпол хатога йўл қўйди. У ўз жамоаси жарима майдони ичида тўп йўқотди ва уни қайтариб олишга уриниб, қизил карточка ишлади. «Элче» эса пеналтидан фойдаланиб, яна ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Аммо бу устунлик бир дақиқа ҳам сақланиб қолмади, Нико Гонсалес дарҳол иккинчи голини уриб, мувозанатни тиклади. У майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпга етиб борди ва дарвозабонни алдаб ўтиб, боши билан бўш дарвозани ишғол этди.

Иккинчи бўлимда эса сон жиҳатдан устунлик ўз сўзини айтди. «Элче» ҳақли ғалабага эришди ва вақтинча хавфли зонани тарк этди.

Асосий эътиборини ЕЧЛга қаратаётган «Атлетико» эса ҳамон тўртинчи ўринда ўзини қулай ҳис қилмоқда. Бешинчи ўриндаги «Бетис» билан орадаги фарқ олти очкони ташкил этмоқда. Шу билан бирга, бу мағлубият «матрасчилар»нинг бу мавсумда барча турнирлар доирасидаги 16-мағлубият бўлди, бу эса Диего Симеоне давридаги энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади.

«Барселона» – «Селта» 1:0
Гол:
Ямал, 40 – пеналти (1:0)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кубарси, Мартин, Жоау Канселу (Балде, 23), Кунде, Педри, Э. Гарсия, Олмо (де Йонг, 73), Гави (Фермин Лопес, 46), Ямал (Баржи, 45+9), Торрес (Рэшфорд, 73)
«Селта»: Раду, Лаго (Мингеса, 63), Алонсо, Родригес, Мориба, Лопес (Сотело, 81), Каррейра, Руэда, Алварес (Сведберг, 63), Хутгла (Аспас, 81), Дуран (Иглесиас, 72)
Огоҳлантиришлар: Э. Гарсия, 90 – Лаго, 59

Балденинг сафга қайтиши – каталонияликлар учун мавсумнинг сўнгги палласида яхши янгилик бўлди. Аммо «Селта»га қарши ўйинда бошқа футболчилар билан нохуш воқеалар рўй берди. Аввалига бўлим ўрталарида Жоау Канселу мажбуран алмаштирилди. Ўйиннинг 40-дақиқасида эса жамоа етакчиси Ламин Ямал пеналти ишлади ва уни ўзи аниқ ижро этди.

Аммо зарба бериш чоғида жароҳат олиб, ўйинни давом эттира олмайдиган бўлди.

У майдонни мустақил равишда тарк этди, аммо ўйиндан кейин Mundo Deportivo нашри дастлабки текширувлар тизза ости пайи узилишига ишора қилаётгани ҳақида хабар тарқатди. Агар маълумот тасдиқланадиган бўлса, бу Ямал учун мавсум якунлангани, шунингдек, унинг жаҳон чемпионатидаги иштироки савол остида қолишини англатади.

«Камп Ноу»даги ўйиннинг биринчи бўлими яна бир ҳолат туфайли бир соатга чўзилди. Бу сафар ўйин тўхтатилишига трибунадаги мухлислардан бирига тиббий ёрдам зарурати пайдо бўлгани сабаб бўлди. Иккинчи бўлимда эса ҳисоб ўзгармади, Ферран Торрес Педрининг узатмасидан кейин дарвозани ишғол этганди, аммо у кичик офсайд ҳолатида қолгани маълум бўлди.

Минимал ғалабадан кейин «Барса» «Реал» билан тўққиз очколик фарқни сақлаб қолди. Чемпионлик масаласи жамоаларнинг 10 май кунги ўзаро ўйинигача ҳам ҳал бўлиши мумкин.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид