2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари бошланди: дастлабки ўйинда Чехия ва ЖАР очколарни бўлишиб олишди (1:1), Швейцариянинг захирадан туширилган ёш футболчиси Босния ва Ҳерцеговинага қарши ўйинни ҳал қилди (4:1), Канада Қатар дарвозасига истаганча гол урди (6:0), Мексика эса Жанубий Кореяни мағлуб этиб (1:0), плей-офф масаласини ҳал қилган илк жамоага айланди.

Майдондан ташқарида ҳам шов-шувли воқеалар давом этмоқда – 40 ёшли дарвозабон Мануэл Нойер Германия миллий жамоасидаги фаолиятини якунлаши ҳақида эълон қилди, Неймар ҳали Бразилия таркибига қайта олмаяпти, Англия миллий жамоаси устози Томас Туҳел эса фотомухбирлар устидан шикоят қилди.

Мексика ҳал қилди

Мексика – Жанубий Корея 1:0
Гол: Ромо, 50 (1:0)
Мексика: Ранҳел, Алварес, Васкес, Галярдо, Санчес, Лира, Ромо (Пинеда, 71), Гутеррес (Варгас, 71), Кинионес (Уэрта, 84), Алварадо (Рейес, 80), Р. Ҳименес (С. Ҳименес, 80)
Жанубий Корея: Ким Син Гю, Ким Мин Жэ, Ли Ги Ҳек, Ли Ҳанг Бем, Ҳванг Ин Бом, Пэк Син Ҳо (Гуе Сон Чо, 77), Сол Ен У (Ем Жи Сун, 71), Ким Мун Ҳванг (Ҳюн Жун Ян, 71), Ли Жэ Сон (Ҳванг Ҳи Чҳанг, 57), Ли Кан Ин, Сон Ҳеунг Мин (Ҳон Гу О, 57)
Огоҳлантиришлар: Ли Кан Ин, 4. Пэк Син Ҳо, 58

Жанубий Корея ва Мексика турнирни ғалаба билан бошлаганди, аммо уларнинг ўзаро учрашувини ёрқин кечди дейиш қийин. Биринчи бўлим давомида дарвоза соҳасига тўғри борган биттагина зарба бўлди.

Иккинчи бўлим бошида осиёликлар дарвозабони ўз жамоаси ҳимоячиси билан тўқнашиб кетиб, тўпни қўлдан чиқариб юборди ва Ромо бўш дарвозани осонлик билан ҳисобни очди.

Ўйиннинг қолган қисмини жанубий кореяликлар фаолроқ ўтказишди ва қатор вазиятларга эга бўлишди, ўйин охирларида мексикаликлар дарвозабони Жо Гу Соннинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди.

Яна бир вазиятда эса Эдсон Алварес дарвоза тўрига кириб кетаётган тўпни тўхтатиб қолди. Якунда Ромонинг голи ягоналигини сақлаб қолди.