Жаҳон | 08:37 / 24.04.2026
1400
3 дақиқада ўқилади

Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ муддати узайтирилади

Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ яна уч ҳафтага узайтирилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди. У яқин вақт ичида Исроил бош вазири ва Ливан президентини қабул қилишни “интизорлик билан кутаётганини” билдирди.

Фото: picture alliance

Исроил ва Ливан ўртасидаги сулҳ уч ҳафтага узайтирилади, деб хабар берди АҚШ президенти Дональд Трамп 23 апрель, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида.

Ушбу келишувга Оқ уй раҳбари билан бир қаторда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио, АҚШнинг Исроил ва Ливандаги элчилари Майк Хакаби ва Мишель Исса, шунингдек икки давлатнинг “юқори мартабали вакиллари” иштирок этган учрашувдан сўнг эришилган.

“Учрашув жуда муваффақиятли ўтди! Қўшма Штатлар Ливанга ўзини ʼҲизбуллоҳʼдан ҳимоя қилишда ёрдам бериш учун у билан ҳамкорлик қилади”, — деб ёзди Трамп.

Шу хабарнинг ўзида у “яқин келажакда” Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва Ливан президенти Жозеф Аунни қабул қилишни “интизорлик билан кутаётганини” ҳам маълум қилди.

“Ушбу тарихий учрашувда иштирок этиш мен учун катта шараф бўлди!” — дея қўшимча қилди Трамп.

14 апрель куни Вашингтонда 1993 йилдан бери илк бор Исроил ва Ливан вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Унда икки давлатнинг АҚШдаги элчилари иштирок этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар тинчликни тартибга солиш масаласи юзасидан тўғридан тўғри музокараларни бошлаш йўлида қадамлар ташлади, деб хабар берган эди ўшанда АҚШ Давлат департаменти.

Америка томони Исроил ва Ливан элчиларининг АҚШдаги ушбу учрашувини “тарихий босқич” деб атади. Вашингтон, шунингдек, кейинги музокаралар ўтказилса, ҳар икки давлатга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди ҳамда улар “кенг қамровли тинчлик келишуви”га олиб келишига умид билдирди.

9 апрель куни Исроил ҳукумати сайтида Биньямин Нетаньяҳу Ливан билан тўғридан тўғри музокараларни бошлаш бўйича топшириқ бергани ҳақида хабар эълон қилинган эди. Музокаралар Эронга иттифоқдош бўлган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини қуролсизлантириш ва икки давлат ўртасида тинч муносабатлар ўрнатиш масалаларига бағишланиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид