Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Амбаниларнинг 200 млрд долларлик бизнес империяси. Ҳаммаси қандай бошланганди?
Бундан 80 йил олдин ҳиндистонлик 16 ёшли йигит тирикчилик кўйида Яманга боради ва ёқилғи қуйиш шохобчасида ишлай бошлайди. Орадан йиллар ўтиб у Ҳиндистонга қайтиб, 35 квадрат метрлик кичкина хонада компания ташкил этади ва зираворлар сотишни йўлга қўяди. Шу тариқа дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуаси ва 470 миллиондан ортиқ обуначига эга телекоммуникация тармоғининг эгаси бўлган “Reliance Industries” компаниясининг асоси пайдо бўлди.
2024 йилнинг баҳор ва ёз ойлари. Бутун дунё медиасининг эътибори Ҳиндистонга қаратилганди. Сабаб битта: Осиёнинг энг бой одами Мукеш Амбани кенжа ўғли Анант учун шундай тўй қилдики, унинг дабдабаси бутун сайёрада шов-шув бўлди. Бу шунчаки дабдабали маросим эмас, балки Амбанилар оиласининг глобал қудрати, таъсири ва беқиёс бойлигининг намойиши ҳам эди.
Тўйдан олдинги тадбирларга Марк Цукерберг, Билл Гейтс, Иванка Трамп сингари глобал элита вакиллари ташриф буюрди, Риҳанна ва Жастин Бибер каби жаҳон юлдузлари миллионлаб доллар эвазига қўшиқ куйлади. Умуман байрамга таклиф этилган сиёсатчилар рўйхатида АҚШнинг собиқ давлат котиблари Ҳиллари Клинтон ва Жон Керри, Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Тони Блэр ҳам бор эди. Кичик бир шаҳар — Жамнагардаги аэропорт бир неча кун ичида халқаро авиация хабига айланди. Тўй учун умумий ҳисобда 600 млн доллар пул сарфланади.
Хўш, бу қандай оила? Улар шунча пулни қаердан олишяпти? Kun.uz “Бизнес вақти” рукнида Осиёнинг энг бой оиласи — Амбаниларнинг кичик зираворлар савдосидан глобал бизнес империяга айланишигача бўлган тарихий йўли ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳаммаси қандай бошланганди?
Бугунги кунда қиймати 200 миллиард доллардан қимматроққа баҳоланадиган “Reliance Industries” компаниясининг асоси ўтган асрнинг 50 йилларида, Ҳиндистондан анча узоқда жойлашган Яман давлатида пайдо бўлади. Мукеш Амбанининг отаси, бизнес империя асосчиси Дҳирубҳай Амбани 1932 йилда Ҳиндистоннинг Гужарат штатида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Оила қашшоқ бўлгани сабабли, Дҳирубҳай 16 ёшида ишлаш учун Яманнинг Адан шаҳрига йўл олади. Бу ерда у ёқилғи қуйиш шохобчасида оддий ишчи, кейинроқ эса ҳисобчи бўлиб ишлайди. Дҳирубҳай бўш вақтларида бозорларни айланар, халқаро савдо қандай ишлаши, валюта курсларидаги фарқларни ўрганарди. Ҳаттоки ўша пайтда Яманда муомалада бўлган кумуш тангаларни эритиб, Европа мамлакатларига қимматроққа сотиш орқали дастлабки капиталини йиғгани ҳақида айрим маълумотлар ҳам учрайди.
1958 йилда Дҳирубҳай тахминан 50 минг рупия билан Ҳиндистонга қайтади. У Мумбайдаги эски бозорда, 35 квадрат метрлик кичкина хонада жияни билан биргаликда “Reliance Commercial Corporation” компаниясига асос солади. Уларнинг илк бизнеси — Яқин Шарққа зираворлар экспорт қилиш ва у ердан сифатли нейлон ва полиестер ипларини импорт қилиш бўлади.
Хомашё нархининг ўзгариши, етказиб бериш занжиридаги узилишлар ва Ҳиндистон ҳукуматининг қатъий импорт чекловлари Дҳирубҳай бизнесининг ўсишига тўсқинлик қила бошлайди. Қарамликдан қутулишнинг ягона йўли — маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш эди. 1966 йилда Амбани Аҳмадобод яқинидаги Народа шаҳрида ўзининг илк тўқимачилик фабрикасини қурди ва “Vimal” брендига асос солади. Унинг маҳсулотлари қисқа вақт ичида Ҳиндистонда машҳур бўлиб кетди.
Бизнесни кенгайтириш учун катта маблағ талаб қилина бошлайди. Ўша пайтда Ҳиндистондаги банклар йирик кредитларни фақат бой оилалар ва ишлаб чиқарувчиларгагина берарди. Шунда Дҳирубхай инқилобий қадам ташлайди ва 1977 йилда “Reliance” компаниясининг илк акцияларини оммавий савдога чиқаради. Ўн минглаб оддий ҳиндистонликлар унинг корхоналарига сармоя кирита бошлайди. Бу Ҳиндистон фонд бозорининг шаклланишидаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида ҳам тавсифланади.
“Орқага интеграция” стратегияси
“Reliance”нинг шунчаки муваффақиятли компаниядан гигант империяга айланишидаги туб бурилиш нуқта “вертикал интеграция” стратегияси ҳисобланади. “Vimal” матолари машҳур бўлгач, Амбани ип-калавани бошқалардан сотиб олмаслик учун калава ишлаб чиқарувчи заводлар қура бошлайди. Полиестер ишлаб чиқариш учун нефт-кимё маҳсулотлари, унинг учун эса хом нефтни қайта ишлаш зарур бўларди. Шу тариқа 1990 йилларнинг охирига келиб, Амбанилар оиласи Гужарат штатининг Жамнагар шаҳрида жаҳондаги энг йирик нефтни қайта ишлаш мажмуасини қурдилар. Бугунги кунда ушбу мажмуа кунига 1,2 миллион баррелдан ортиқ нефтни қайта ишлайди ва бу “Reliance” компанияси даромадининг асосий қисмини ташкил қилади. Хом нефтни қазиб олишдан тортиб то тайёр кўйлакни харидорга сотишгача бўлган барча босқичларни ўз назоратига олган Амбанилар воситачилик занжирини қисқартириб, таннархни кескин пасайтира олгани ҳисобига бозорлардаги рақобатчиларидан устун кела бошлашди.
Ака-ука ўртасидаги низолар
2002 йилда Дҳирубҳай Амбани вафот этади. У ташкил этган компания ва бир неча ўн миллиард доллар пуллар ўғиллари Мукеш ва Анил Амбанига мерос бўлиб ўтади. Мукеш компания президенти, Анил эса вице-президент лавозимини эгаллайди. Кўп ўтмай ака-ука ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқа бошлайди. Бунга Анилнинг Мукешни компания бошқарувини тўлиқ ўз измига олишга уринаётганликда айблаши сабаб бўлади. Анил ҳатто директорлар кенгашига очиқ хат ёзиб, акасининг бошқаруви бўйича эътирозларини маълум қилади. Охир-оқибат, 2005 йилда ака-укаларнинг онаси компанияни бўлиб олишни таклиф қилади.
Бўлинишдан кейин Анилга энергетика, телекоммуникация ва кўнгилочар лойиҳалар тегади. “Reliance Industries” компанияси эса тўғридан тўғри Мукешга ўтади. Бироқ ака-ука ўртасидаги можаро давом этаверади. Анил ўзига кам ҳақ теккан деб ҳисобларди. Ўшандан буён Мукеш ва Анил бир неча марта бир-бирини айблаб чиқди, ўзаро судлашди. Бу можаро ҳанузгача давом этиб келяпти.
Вақт ўтиши билан ака-укаларнинг бошқарув услубидаги фарқ ўз натижасини кўрсатди. Анил Амбани кетма-кет нотўғри қарорлар сабаб қарз ботқоғига ботиб қолди. Мукеш Амбани эса нефт бизнесидан келадиган миллиардлаб доллар даромадларни замонавий тармоқларга инвестиция қилади ва ўз бизнес империясини шиддатли тарзда кенгайтиради. Масалан, 2016 йилда Мукеш Амбани “Reliance Jio” мобил операторини ишга туширди. Унгача Ҳиндистонда интернет жуда қиммат ва секин эди. Мукеш 30 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритиб, бутун мамлакат бўйлаб 4G минораларини ўрнатди ва одамларга 6 ой давомида мутлақо бепул, чексиз интернет ва қўнғироқларни таклиф қилади. Бу рақобатчиларни синдирди ва “Jio”ни тез орада 470 миллиондан ортиқ обуначиси бор дунёдаги энг йирик телекоммуникация тармоқларидан бирига айлантирди. Мамлакатдаги кичик ва ўрта операторлар банкротликка учради. Хусусан, Анил Амбанига тегишли бўлган “Reliance Communications” ҳам рақобатга дош беролмайди ва қарзга ботиб қолади. 2019 йилда Анил Швециянинг “Ericsson” компанияси олдидаги қарзини тўлай олмагани учун суд қарори билан қамалиш хавфи остида қолади. Мукеш сўнгги кунларда тахминан 80 миллион доллар пул бериб, укасини қамоқдан сақлаб қолади.
Бугунги кунда Амбанилар оиласининг энг катта активи “Reliance Industries” компаниясидир. Уларнинг бизнеси нефтни қайта ишлаш, чакана савдо, телекоммуникация, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва рақамли платформа хизматларини тақдим этишни ўз ичига олади. Forbes Мукеш Амбанининг бойлигини қарийб 100 млрд долларга баҳолаяпти ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида 21-ўринга жойлаштирган. Булардан ташқари, Амбаниларнинг Мумбай марказида жойлашган шахсий қароргоҳи — “Антилиа” 27 қаватли бўлиб, унинг қиймати 2 миллиард долларга. Бинода 3 та вертолёт қўниш майдончаси, 168 та автомобил учун гараж, осма боғлар, қор ёғадиган махсус хона ва оилага хизмат кўрсатувчи 600 нафар ходим бор.
Қолаверса, “Reliance Retail” юзлаб халқаро брендларнинг Ҳиндистондаги расмий франшиза ҳамкори ҳисобланади. Мукеш Амбани қуёш энергияси, яшил водород ва йирик аккумуляторлар заводларини қуришга ўнлаб миллиард доллар сармоя киритяпти. У Ҳиндистондаги энг йирик оммавий ахборот воситалари ҳамда мамлакатдаги энг муваффақиятли крикет жамоаси Mumbai Indians’га ҳам эгалик қилади.
Мавзуга оид
20:13 / 25.04.2026
Ҳиндистонда сайёҳларга «сафари» пайтида телефондан фойдаланиш тақиқланди
10:35 / 24.04.2026
2026 йил тренди: туризм глобал рақобат майдонига айланди
10:15 / 24.04.2026
Ҳиндистонда рақамли валюта орқали субсидия тарқатиш бошланди
08:41 / 15.04.2026