Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил президенти Нетаняҳуни ҳозирча афв этмасликка қарор қилди
2019 йилда Бинямин Нетаняҳуга нисбатан бир нечта коррупцион иш бўйича айблов эълон қилинган. У айбловларни рад этиб, ўтган йил ноябрда Исроил президентидан ўзини афв этишини сўраганди. АҚШ президенти Доналд Трамп Нетаняҳу афв этилишини талаб қилмоқда.
Фото: EPA
Исроил президенти Ицхак Герцог коррупцияда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг афв этиш тўғрисидаги илтимосини рад этди, деб хабар берди The Times of Israel.
Аввалроқ Герцог Нетаняҳуни афв этиш қарорини ортга сургани ҳамда айбига иқрор бўлиш тўғрисидаги келишувда бош вазир ва бош прокурор ўртасида воситачи бўлиш ниятида эканини ёзганди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Ицхак Герцог «афв этиш ёки этмаслик»дан ташқари ҳам кўплаб вариантлар бор деб ҳисоблайди.
«Аввал ҳам таъкидлаганидек, президент Ицхак Герцог бош вазир Нетаняҳу иши бўйича томонларнинг келишувга эришишини тўғри ва муносиб қарор деб ҳисоблайди», — деган президент девони вакили.
АҚШ президенти Доналд Трамп Нетаняҳу афв этилишини талаб қилмоқда. У Герцогни бу қарорга келмаётгани учун «ожиз ва ачинарли» деб атаган.
«Мен Биби [Нетаняҳу] эътиборини бўлмағур нарсаларга эмас, урушга қаратишини хоҳлайман», — деган Трамп.
Нетаняҳу коррупция иши бўйича айбловларни рад этиб, ўтган йил ноябрда Исроил президентидан ўзини афв этишини сўраганди.
Нетаняҳуга нисбатан коррупция иши бўйича суриштирув 2016 йил декабрда бошланган, 2019 йилда эса унга бир нечта иш бўйича айблов эълон қилинган. У хусусан, миллиардер ва Ҳолливуд продюсеридан шахсий манфаатлар учун ёрдам бериш эвазига ўн минглаб долларлик сигара ва шампан виноларини олганликда айбланган. Шунингдек, Нетаняҳу ўзи ва оиласи фаолиятини ижобий ёритиш эвазига медиамагнатларга ёрдам беришда гумонланмоқда.