Жаҳон | 19:54
1820
2 дақиқада ўқилади

АҚШ зарбхонасида Колумбия картелларига тегишли олтин топилди

Ушбу олтиндан инвестиция тангалари, жумладан, «Америка олтин бургути» зарб қилинади.

Фото: The New York Times

АҚШ зарбхонаси келиб чиқиши шубҳали бўлган олтинни легаллаштиришга алоқадор бўлиши мумкин ва Колумбиянинг Clan del Golfo гиёҳванд моддалар картели билан боғлиқ металлни қабул қилган, деб хабар берди The New York Times. Ушбу олтиндан инвестиция тангалари, жумладан, «Америка олтин бургути» зарб қилинади. Бундай тангаларнинг йиллик савдоси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.

Нашрнинг ёзишича, схема Колумбияда бошланади, у ерда картел Ла-Мандингу ноқонуний конини назорат қилади. Қазиб олинган олтинни Каукасия шаҳридаги савдогарлар сотиб олади, бу эса металлни қоғозда қонунийлаштириш имконини беради. Кончилар кунига 50 доллардан 2,5 минг долларгача нақд пул олади, шундан сўнг олтин қуймаларга айлантирилиб, экспорт қилинади. Сўнгги бир йил ичида тахминан 255 миллион долларлик металл Техасга жўнатилди ва Dillon Gage заводига топширилди. Корхонада олтин қайта эритилади ва шундан сўнг Американики деб ҳисобланади.

1985 йилда Конгресс томонидан фақат Америка олтинини сотиб олиш талаби ўрнатилганига қарамай, АҚШ Молия вазирлигининг 2024 йилги аудити шуни кўрсатдики, зарбхона йигирма йил давомида хомашёнинг келиб чиқишини текширмаган ва таъминотчиларга саволлар бермаган. Оқибатда таъминот занжирида юзлаб миллион долларлик хорижий олтин пайдо бўлди.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент шундай деди: «Текширув АҚШ зарбхонаси учун олтин етказиб берувчилар қонунга риоя қилаётганига ва ўз мажбуриятларини тўлиқ бажараётганига, суд эса миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш учун барча чорани кўраётганига ишонч ҳосил қилишга қаратилган». Вазирлик хорижий олтиндан тўлиқ воз кечиш инвестиция тангаларига бўлган талабни қондиришга имкон бермаслигини тан олди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид