Технология | 10:43
1822
8 дақиқада ўқилади

Илмий даражалар бериш тизимини ислоҳ қилишга оид мулоҳазалар

Белгиянинг Гент университети катта илмий тадқиқотчиси, физика-математика фанлари доктори Эркинжон Каримов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида илмий даражалар бериш тизимини шаффофлик ва рақамлаштириш асосида ислоҳ қилишга оид ўз таклифларини илгари сурди.

Фото: tuit.uz

Мен мулоҳазаларимни мамлакатимизда илм-фан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, уларнинг ижобий, салбий оқибатлари, ютуқлар ва камчиликларни санашдан бошламоқчи эмасман. Бу соҳа вакиллари бундан ҳар ҳолда хабардор. Охирги кунларда ОАВда янграган ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган академик Шавкат Абдуллаевич Аюповнинг интервюси, унда билдирилган айрим танқидий фикрларга нисбатан Олий аттестация комиссиясининг муносабати ва бу муносабатга билдирилган муносабатларни ўқиб таҳлил қилишни ўқирманларнинг ўзига ҳавола қиламан.

Мен эса бевосита илмий даражалар бериш тизимини ислоҳ қилишга оид таклифларимни қисқа баён этмоқчиман.

Таклифлардаги турли база, платформалар борасидаги таклифлар катта янгилик эмас. Бундай базалар у ёки бу ҳолатда қисман жорий этилган, этиляпти ва жорий этилиши режаланган. Шундай бўлса ҳам бундай базаларга бўлган эҳтиёжни асослашга ҳаракат қилдим. Олдиндан айтишим мумкинки, бу таклифларни амалга ошириш механизми (агар маъқул топилса) ишчи гуруҳ тузиб бевосита баҳс-мунозара асосида шакллантирилиши керак бўлади. Бунда диссертантларга ортиқча бюрократик тўсиқ яратилмаслиги билан кўзлаётган мақсадимиз – соф, сифатли илмий тадқиқотлар даражасини сақлаб қолиш ўртасидаги олтин ўрталиқни топилишига ҳаракат қилиш лозим.

Тизим ислоҳоти бўйича таклифлар мажмуаси

I. Шаффофлик ва “Обрў институти”ни шакллантириш (ОАК очиқ маълумотлар базаси)

Тизимдаги ёпиқлик кўпинча масъулиятсизликни келтириб чиқаради. Биринчи қадам – барча иштирокчиларнинг фаолиятини жамоатчилик назоратига очишдир. Тақризлар ва хулосалар очиқ эълон қилиниши шарт. Диссертация тасдиқлангандан сўнг, тизимда нафақат автореферат, балки расмий оппонентлар, етакчи ташкилот ва илмий кенгаш аъзоларининг берган хулосалари (имзоси билан) очиқ юкланиши лозим. Бу – “Обрў институти”ни ишга туширади. Олимлар ўз обрўсини тўкмаслик учун саёз ёки кўчирма ишларга ижобий тақриз ёзишдан қўрқиб қолади.

Илмий раҳбарлар ва кенгашлар бўйича интеграциялашган статистика ҳам муҳим аҳамиятга эга. ОАК базасида ҳар бир олимнинг (илмий раҳбарнинг) рақамли профили яратилади. У ерда олимнинг шогирдлари, уларнинг ҳимоя қилган ишлари ва мақолалари занжир каби боғланган бўлади.

Шунингдек, илмий кенгашлар паспорти ва фаолияти тарихи ҳам жойланади. Жамоатчилик ва таълим муассасалари қайси илмий раҳбар ҳақиқий олим етиштираётганини, қайсиниси эса “конвейер” қилиб олганини очиқ кўради. Саёз ишларни кўп ўтказган илмий кенгашлар рейтинги тушиб, фаолияти тугатилишига асос бўлади.

II. Илмий янгиликлар ва қиёсий таҳлил платформаси

Плагиатни аниқлашдан кўра, ғоялар такрорланишининг олдини олиш муҳимроқ. Плагиатга текшириш тизими ҳам сақланиши керак, албатта. Илмий янгиликлар ва методикаларнинг умумий базаси яратилиши муҳим аҳамиятга эга. Унда:

  • барча ҳимоя қилинган ишлардаги аниқ методикалар, илмий янгиликлар ва уларга доир мақолалар ҳаволалари жамланади;
  • калит сўзлар орқали қидириш имконияти яратилади;
  • албатта, муаллифлик ҳуқуқи ва патентларнинг бузилмаслигига алоҳида эътибор қаратилади.

Портал очиқ фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиши, натижалар билан тўла танишиш имкониятини бериши, чекланган маълумотлар бўйича эса муаллифларга йўналтирувчи ҳаволалар берилиши мақсадга мувофиқ. Натижада изланувчилар ва амалиётчилар (масалан, ўқитувчилар) ўзларига керакли методикани тез топади, бу эса фаннинг амалиётга жорий этилишини тезлаштиради.

Шунингдек, ҳимоядан олдинги мажбурий қиёсий СИ-таҳлил босқичи жорий этилиши лозим. Ҳимояга тақдим этилаётган иш натижалари дастлаб ушбу платформага юкланади. Тизим базадаги олдинги ишлар билан қиёсий таҳлил ўтказиб, “Ўхшаш ишлардан фарқи ва ўзига хослиги” бўйича автоматик тавсиянома шакллантиради. Илмий семинар котиби бу тавсияномани кенгаш аъзоларига тарқатишга мажбур бўлади.

Муҳокамада “Бу усул 3 йил олдин фалончининг ишида ҳам бор эди, сизнинг ишингиз қандай фарқ қилади?” деган савол қатъий ўртага ташланади ва шаблон асосида кўчирилган ишлар шу босқичда элакдан ўтказилади.

III. Педагогика йўналиши учун қатъий ва махсус талаблар

Методика соҳасини осон даража олиб, маошга устама қўшиш воситасига айланиб қолишидан асраш учун тўсиқлар қўйилиши лозим. Халқаро мақолалар талабини кучайтириш – бунинг асосий йўлидир.

Маҳаллий ва “йиртқич” журналлар ўрнига, сифатли нашрлар талаб этилади. PhD даражаси учун Scopus/Web of Science базасидаги педагогика соҳасига оид журналларда камида 1 та, DSc учун эса камида 3 та мақола чоп этилиши қатъий шарт қилиб белгиланиши керак. Чунки халқаро таҳририят (peer-review) сохта, маҳаллий қолиплардан кўчирилган ва халқаро майдонда ҳеч қандай илмий қиммати йўқ мақолаларни ўтказмайди. Бу диссертантларни сифатли тадқиқот қилишга мажбурлайди.

IV. Эмпирик тажрибаларни рақамли ва жонли тасдиқлаш (хом ахборотлар ва СИ таҳлили)

Қоғоздаги “Далолатнома”лар даврини якунлаб, рақамли исботлар даврига ўтиш энг кучли зарба деб ўйлайман. Бунинг учун “Raw data” (хом маълумотлар) базасини шакллантириш керак бўлади. Балки бу олдинги бўлимда таклиф этилган платформанинг бир қисми бўлар.

Тажриба ўтказилган мактабдан оддий маълумотнома эмас, балки тўғридан тўғри интеграция қилинган электрон журналлар (e-баҳо)даги баҳолар динамикаси ҳамда ўқувчилардан олинган ёзма имтиҳон ишлари сканер қилиниб, тизимга юкланиши шарт. СИ ёрдамида ишончлилик текширилади. Диссертантнинг “ўзлаштириш ошди” деган хулосаси тизимдаги СИ-бот томонидан юкланган ёзма ишлар ва электрон баҳолар билан солиштирилади, статистик қонуниятлар таҳлил қилинади. Бу ёндашув тадқиқотчини реал ўқувчилар билан ишлашга мажбур қилади. Сунъий интеллект “столда ёзилган” қалбаки баҳолар ва сохта ўсиш динамикасини дарҳол фош қилади, натижада сохта ишларга автоматик равишда ҳимояга рухсат берилмайди.

Семинар жараёнида амалиётчи ўқитувчилар иштироки таъминланиши керак. Тажриба-синов майдони бўлган муассасадаги ўқитувчилар (ёки раҳбарлар) кенгаш қошидаги илмий семинарда қатнашиши талаб этилади. Илмий кенгаш ёки семинар аъзолари методиканинг реал дарсда қандай ишлагани, қандай қийинчиликлар бўлганини бевосита уни қўллаган ўқитувчилардан сўраб олиш имкониятига эга бўлади.

P.S. Мен бу таклифларни бевосита илмий тадқиқотлар билан фаол шуғулланаётган ва халқаро илмий базаларга киритилган журналларда 60 дан ортиқ илмий мақола чоп этган, PhD даражасига эга бир неча шогирдларга илмий раҳбарлик қилган ва қилаётган, Scopus базасига киритилган илмий журнал бош муҳаррир ўринбосари сифатида фаолият юритаётган, илмий даража берувчи илмий кенгаш ва унинг қошидаги илмий семинар аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институтида фаолият юритувчи, математика йўналишида педагогика бўйича ёзилган диссертацияларни муҳокамадан ўтказувчи семинар аъзоси математик ўлароқ беряпман.

Эркинжон Каримов,
Белгиянинг Гент университети
катта илмий тадқиқотчиси,
физика-математика фанлари доктори

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид