Ўзбекистон | 14:36
1649
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Чехия ўзаро савдони 1 млрд долларга етказишга келишиб олди

Чехия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи – ўзаро муносабатлар тарихида янги босқични бошлаб беради, деди Шавкат Мирзиёев. Икки давлат етакчилари Кенгайтирилган ҳамкорликни илгари суриш тўғрисида қўшма декларация имзолади. Ўзаро савдони 1 млрд долларга етказиш, Чехия компаниялари билан технологик ҳамкорлик дастурини йўлга қўйиш, Тошкент ва Прага ўртасида авиақатновларни тиклаш кўзда тутилмоқда.

Чехия бош вазири Андрей Бабиш 29 апрел куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Уни аэропортда бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

30 апрел куни Кўкрасарой қароргоҳида мартабали меҳмонни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказди.

Шавкат Мирзиёевга кўра, ушбу ташриф – Ўзбекистон – Чехия муносабатлари тарихида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб беради.

Президент барча соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. Ҳукуматлар, вазирликлар ва идоралар даражасида яқин алоқалар ўрнатилган, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашган. Парламентларда “Дўстлик гуруҳлари” ташкил этилган. Ҳукуматлараро комиссия самарали ишламоқда.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш қарийб икки баробарга ошди. Ўзбекистонда Чехия капитали иштирокида 37 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Музокараларда ўзаро савдони оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Товар айирбошлашни, шу жумладан, маҳсулот турларини кенгайтириш орқали 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Биргаликдаги савдони рағбатлантириш мақсадида Чехияда Ўзбекистоннинг биринчи сертификатлаш филиали ташкил этилмоқда. Чехиялик ҳамкорлар билан “Евро-6” стандартидаги автомобилларни сертификатлаш ва квант эталони бўйича замонавий лаборатория қурилмоқда.

Чехиянинг етакчи компаниялари билан машинасозлик, “яшил” энергия, геология ва муҳим хомашё, кимё, фармацевтика ҳамда бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган Технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш ва “ақлли” шаҳарлар яратиш, муҳандислик иши ва рақамлаштириш соҳаларида кооперация учун мавжуд истиқболлар қайд этилди.

Хусусан, куни кеча бўлиб ўтган Ўзбекистон – Чехия бизнес форумида эълон қилинган лойиҳавий ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

Томонлар Экспорт кредитларини суғурталаш агентлиги ва Чехия Экспорт банкининг Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш ниятини олқишладилар.

Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни илгари суриш учун Ишбилармонлар кенгашини тузиш ва Ҳукуматлараро комиссиянинг кейинги йиғилишини шу йил август ойида Тошкентда ўтказиш таклиф қилинди.

Маданий-гуманитар соҳада, шу жумладан, қўшма диплом дастурлари доирасида таълим ва академик алмашинувни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.

Ўзаро маданият ва кино кунлари, кўргазма ва концертларни мунтазам равишда ўтказиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри авиарейсни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилади.

Тартибли меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Якунда қабул қилинган қарорларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Музокаралардан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш Кенгайтирилган ҳамкорликни илгари суриш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.

Шунингдек, иқтисодиёт, саноат, илмий ва технологик ҳамкорлик, дипломатик кадрларни тайёрлаш, метрология лабораториясини биргаликда лойиҳалаштириш ва ташкил этишни қўллаб-қувватлаш, метрология соҳасидаги илмий-инновацион ҳамкорлик, геология соҳасидаги ҳамкорлик, электропоездларни етказиб бериш тўғрисида ва бошқа икки томонлама келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон – Чехия олий даражадаги музокараларининг якунида президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Андрей Бабиш Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экди.

Маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Чехия кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид