Ўзбекистон | 16:34
1591
1 дақиқада ўқилади

Андижонда юк машинаси уриб кетиши оқибатида пиёда вафот этди

Андижон вилояти Марҳамат туманида «КамАЗ» юк автомобили йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Оқибатда 39 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Фото: Андижон вилояти ИИБ

Андижон вилояти Марҳамат туманида юк автомобили пиёдани уриб юбориши оқибатида у воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ҳодиса 26 апрел куни соат 17:05 атрофида Марҳамат тумани «Мустақиллик» МФЙ ҳудудидан ўтган D-140 «Шаҳрихон – Асака – Марҳамат – Қирғизистон Республикаси чегараси» автомобил йўлининг 41-километрида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 20 ёшли ҳайдовчи «КамАЗ-5511» русумли юк автомобилини бошқариб кетаётиб, пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани кўрмай қолган ва уни уриб юборган.

ЙТҲ оқибатида 39 ёшли пиёда олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Марҳамат тумани ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид