Ўзбекистон | 20:59 / 05.05.2026
13616
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 15 та автомобил иштирокида ЙТҲ рўй берди

Chevrolet Equinox рулидаги 73 ёшли ҳайдовчи соғлиги ёмонлашиб, бошқарувни йўқотган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълумотига кўра, 5 май куни соат 16:25 ларда Мирзо Улуғбек тумани Мирзо Улуғбек кўчасида юз берган ҳодисада 15 та автомобил иштирок этган.

Тармоқларда пайдо бўлган тасвирларда Chevrolet Equinox машинаси катта тезликда келиб, тўхтаб турган машиналарга урилгани ва йўл четига чиқиб кетгани кўринади.

Маълум қилинишича, ушбу автомобил ҳайдовчиси, 73 ёшли Р.К соғлиғи ёмонлашгани сабаб бошқарувни йўқотган.

Оқибатда автомобил светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган бир нечта транспорт воситаларига урилиб, занжирли тўқнашув содир этган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жами 15 та транспорт воситаси техник шикастланган.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар йўқ. Equinox ҳайдовчиси «тос суяги ва чап елка синиши, бош мия ёпиқ жароҳати» ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Шунингдек, бошқа транспорт воситалари ҳайдовчилари: 1968 йилда туғилган С.Э., 1971 йилда туғилган М.А. ва 1985 йилда туғилган С.Э. енгил тан жароҳати олган. Уларга шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид