Ўзбекистон | 07:38
2073
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Германияга 3 минг евролик ишларга таклиф қилинди

Номзодлар локомотив машинисти, хомашё юклаш оператори ва омбор логистика ходими лавозимларига ишга қабул қилинади.

Фото: REUTERS

Миграция агентлиги Германияда ишлаш истагидаги ўзбекистонликлар учун транспорт ва логистика йўналишида янги бўш иш ўринларини эълон қилди.

Маълум қилинишича, Германиянинг Мюнхен шаҳрида жойлашган корхоналарда ўзбекистонликлар учун 50 та иш ўрни таклиф этилган. Номзодлар локомотив машинисти, хомашё юклаш оператори ва омбор логистика ходими лавозимларига ишга қабул қилинади.

Иш берувчи билан тузиладиган меҳнат шартномаси узоқ муддатли бўлиб, ойлик иш ҳақи 2 мингдан 3 минг еврогача этиб белгиланган. Иш берувчи томонидан турар жой таъминланади, озиқ-овқат харажатлари эса ишчи гарданида.

Номзодлар соҳа бўйича ўрта махсус ёки олий маълумотга эга бўлиши, иш тажрибаси ҳамда немис тилини билиши керак. Тил даражаси иш ўрнига қараб А2 дан B2 гача бўлиши керак, номзодлар ёши эса 20 дан 45 ёшгача этиб белгиланган.

Жўнаб кетиш муддати 9 ойдан 12 ойгача давом этиши мумкин. Виза, авиачипта ва дипломни тан олдириш билан боғлиқ харажатлар номзод ҳисобидан амалга оширилади, бироқ иш бошлангач виза ва авиачипта харажатларининг бир қисми Миграция агентлиги томонидан қоплаб берилади.

Агентликка кўра, ишга жойлаштириш Talantum Group хусусий бандлик агентлиги орқали амалга оширилади. Қайд этилишича, меҳнат шартномаси бевосита иш берувчи билан тузилади ва хусусий бандлик агентлиги иш берувчи сифатида иштирок этмайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид