Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Ҳўрмуз бўғозидаги «Озодлик лойиҳаси» тўхтатилишини маълум қилди
Оқ уй раҳбари бу қарор «улкан ҳарбий муваффақиятлар» ва Эрон билан тинчлик келишувига эришишда «сезиларли ютуқ» туфайли қабул қилинганини ёзди.
Фото: Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Форс кўрфазида қолиб кетган кемаларни олиб чиқиш мақсадида бошланган амалиёт Теҳрон билан тинчлик битими тузиш имкониятини баҳолаш учун «қисқа муддат»га тўхтатилишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, душанба куни бошланган «Озодлик лойиҳаси» музокараларда воситачилик ролини бажараётган Покистон ҳукумати илтимоси билан тўхтатилмоқда.
Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида бу қарор «улкан ҳарбий муваффақиятлар» ҳамда Эрон билан тинчлик келишувига эришишдаги «сезиларли ютуқлар» туфайли қабул қилинган.
«Блокада ўз кучида қолиши баробарида, „Озодлик лойиҳаси“ (кемаларни Ҳўрмуз бўғозидан ўтказиш) келишувга эришиш ва битим имзолаш имконияти бор ёки йўқлигини аниқлаш учун қисқа муддатга тўхтатилади», – дея қўшимча қилган у.
Трампнинг баёноти фонида чоршанба куни Осиёда савдолар очилишида нефт нархи бироз пастлади.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари бу ҳолат Трампнинг жаҳон кемачилиги учун муҳим бўлган сув йўлини блокировкадан чиқаришга уринишларида «бир қатор муваффақиятсизликлардан сўнг ортга чекингани»ни кўрсатишини таъкидлаган.
Трампнинг баёноти АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Оқ уйда ўтказилган брифингда феврал ойи охирида бошланган «Эпик ғазаб» операцияси ўз мақсадларига эришганини ва Вашингтон кейинги босқичга, яъни «Озодлик лойиҳаси»га ўтаётганини айтганидан кўп ўтмай эълон қилинди.
«Биз тинчлик йўлини афзал кўрган бўлардик. Президент келишув тузишни афзал кўради», – деди Давлат департаменти раҳбари 5 май куни кечқурун.
Лойиҳа ҳақида гапирар экан, Рубио унинг фақат мудофаа характерига эга эканини таъкидлади. «Бизга биринчи бўлиб ўқ узилмагунча отишма бўлмайди», – деб қўшимча қилди у.
Аввалроқ АҚШ марказий қўмондонлиги (CENTCOM) савдо кемаларига ҳамроҳлик қилиш амалиётига эсминецлар, самолётлар ва 15 минг нафар ҳарбий хизматчи жалб қилинганини маълум қилганди.
Бирлашган штаблар қўмитаси бошлиғи, генерал Дэн Кейн сешанба куни берган маълумотга кўра, Форс кўрфазида бортида тахминан 22,5 минг денгизчи бўлган 1 500 дан ортиқ кема блокланиб қолган.
Вашингтоннинг баёноти Ҳўрмуз бўғозидаги бир қатор ҳужумлар фонида янгради – бу сулҳ бузилиши хавфи остида экани ҳақидаги хавотирларни келтириб чиқарганди. АҚШ томони Форс кўрфазида қолиб кетган кемаларни олиб чиқиш мақсадида эканини билдирган.
Душанба куни Трамп агар Эрон операцияда иштирок этаётган Америка кемаларига ҳужум қилишга уринса, ушбу мамлакат «ер юзидан йўқ қилиниши» билан таҳдид қилди.
Теҳрон АҚШнинг сўнгги баёнотлари юзасидан ҳозирча изоҳ бермади, бироқ Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф сешанба куни АҚШ ва иттифоқчилари «ўт очишни тўхтатиш режимини бузиш ва Эронга қарши блокада ўрнатиш» орқали бўғоздаги кемалар хавфсизлигини хавф остига қўйганини айтди.
«Аммо улар ўз ёвузлиги билан муваффақиятга эриша олмайди», – деган у.
Сешанба куни кечқурун Буюк Британия денгиз савдо операциялари бошқармаси (UKMTO) манбаларга таяниб, Ҳўрмуз бўғозида юк кемасига «номаълум снаряд» келиб урилгани ҳақида хабар берди. Ҳодиса ҳақида ҳозирча батафсил маълумот йўқ.
Сешанба куни Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кетма-кет иккинчи кун Эрон ракеталари ва дронлари ҳужумларини қайтарганини маълум қилди ва буни хавфли эскалация деб атади. Эрон БААга зарба берганини рад этмоқда.
«Эпик ғазаб» амалиёти 28 феврал куни АҚШ ва Исроил Эронга ҳаво ҳужумлари уюштириши орқали бошланган эди. Теҳрон ўшанда урушдан олдин жаҳонда ташиладиган нефт ва суюлтирилган газнинг қарийб 20 фоизи олиб ўтиладиган Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйганди.
Мавзуга оид
08:28
АҚШ Ҳўрмуз бўғози бўйича янги резолюция лойиҳасини тақдим этди
22:40 / 05.05.2026
АҚШ президенти Эронга курашни давом эттиришдан воз кечишни маслаҳат берди
15:10 / 05.05.2026
CBS: Эрон Ҳўрмуз бўғозида Американинг икки эсминецига ҳужум қилди
13:42 / 05.05.2026