Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Халқаро қидирувдаги Туркия фуқароси Перудан Ўзбекистонга олиб келинди
У Ўзбекистонда ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этгани учун қидирувга берилган бўлган.
Фото: ИИВ
Ўзбекистон Интерпол миллий марказий бюроси халқаро қидирувдаги шахсни экстрадиция қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Интерпол каналлари орқали қидирувга берилган шахс Перудан Ўзбекистонга олиб келинган. У Туркия фуқароси бўлган ҳамда Ўзбекистонда ўта йирик миқдордаги фирибгарликни содир этгани учун қидирувга берилган.

Қидирувдаги шахс Интерполнинг Ўзбекистон ҳамда Перу Миллий марказий бюроларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари, шунингдек, Ўзбекистон Бош прокуратураси Халқаро-ҳуқуқий департаменти ва Перу Адлия вазирлигининг фаол кўмагида қўлга олинган. Экстрадиция Тошкент ва Лима Миллий марказий бюролари ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда экстрадиция жараёнида транзит ўтган Франция ва БАА ваколатли органларининг халқаро ҳуқуқ доирасида кўрсатган ёрдами туфайли амалга оширилган.

Экстрадиция қилинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳамда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун Интерпол миллий марказий бюроси ва Бош прокуратура ходимлари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинган.
Аввалроқ халқаро қидирувдаги шахс Грузиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганди.