Жаҳон | 08:33
2868
2 дақиқада ўқилади

Обама нима учун АҚШ ўзга сайёраликларни яшира олмаслигини тушунтирди

АҚШ собиқ президенти Барак Обама CBS телеканалида Стивен Колберга берган интервьюсида ҳукумат ўзга сайёраликлар билан тўқнашувларни яшира олмаслигини айтди.

Фото: AP

Унинг сўзларига кўра, Вашингтонда «сирлар жуда ёмон сақланади».

«Бу президент сифатида билиб олинадиган нарсалардан бири», деди Обама.

Унинг фикрича, айнан шу сабабли «Қўшма Штатлар ҳукумати назорати остидаги ҳар қандай нарса» — агар бу ҳақда чиндан ҳам билишса, кўришса, суратга олишса — эртами-кечми барчага ошкор бўлади.

«Қасам ичиб айтаманки, объектни қўриқлаётган бирор йигит аллақачон ўзга сайёраликлардан бири билан селфи олиб, ўз севгилисига юборган бўларди», деди собиқ президент.

Йил бошида Обама подкастда иштирок этди ва ўзга сайёраликлар мавжуд бўлиши мумкинлигини айтди.

«Улар ҳақиқий, лекин мен уларни кўрмадим. Улар «51-зона»да (АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг қатъий махфий объектининг умумий номи, унинг устидаги ҳаво ҳудуди ёпиқ) сақланмайди. Агар гап улкан фитна ҳақида бормаса ва улар буни Қўшма Штатлар президентидан яширмаган бўлса, ҳеч қандай ерости объекти йўқ», деди у.

Кейинчалик Обама «қаердадир» ҳаётнинг мавжуд бўлиш эҳтимоли катта, аммо бизга ўзга сайёраликлар ташриф буюриши эҳтимоли камлигини тушунтирди.

Оммавий маданиятда «51-зона» давлат махфийлиги билан боғлиқ, жумладан, кўп йиллардан бери АҚШ у ерда ўзга сайёраликларни яшираётгани ҳақидаги фитна назарияси мавжуд. Марказий разведка бошқармаси база мавжудлигини фақат 2013 йилда тан олди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид