Ўзбекистон | 18:16
5490
4 дақиқада ўқилади

Санжар Каримов 5 йилга қамалди

У фирибгарлик, ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ҳамда гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва сақлаш бўйича айбдор деб топилди.

Фото: Kun.uz

8 май куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида фуқаро Санжар Каримовга оид жиноят иши юзасидан олиб борилган суд муҳокамалари якунига етди.

Суд ҳукми билан Санжар Каримов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, унга БҲМнинг 410 баравари (168 млн 920 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди. 

Жазолар алоҳида-алоҳида ижрога қаратилиши белгиланди.

Шунингдек, ҳукмда жабрланувчи Ш. А.га етказилган моддий зарар қоплангани эътироф этилди. Бундан ташқари, жабрланувчи Ш. А. ва Ф. Р.га жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат этиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Ҳукмдан норози тарафлар тегишли тартибда юқори суд инстанциясига шикоят қилиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Қочоқ «куёв» иши

35 ёшли Санжар Каримов машҳур автоблогер бўлиб, унинг Instagram саҳифасида 500 мингга яқин обуначи бор. 2024 йил ноябр ойида у 4 миллион долларлик вилласи ва 35 та машинадан иборат автопарки борлигини айтган эди.

У воқеаси кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган алданган тошкентлик Жамила Алимбаева иши бўйича гувоҳ сифатида қатнашган.

Ўтган йил октябр ойида Алимбаева инстаграмдаги саҳифасида ўзи ва оиласи фирибгарлик қурбони бўлганини маълум қилганди. 

Унинг сўзларига кўра, отаси бўлажак куёв билан ўтириб суҳбатлашган, йигит тўйни вақтинча тўхтатиб туришни, бошқа чораси йўқлигини айтган. Бунга жавобан келиннинг отаси тўй учун ҳамма ҳозирликлар кўриб қўйилганини, сарф-харажатлар бўлганини, тўхтатиб бўлмаслигини билдирган. Кейин Шаҳзод Рисматов пул билан муаммоси борлигини айтиб, уйларини 12 кун гаровга қўйиб туришга рухсат сўраган. Жамиланинг ота-онаси бунга розилик билдирган.

Жамила Олимбоевага кўра, бу воқеадан 1-2 кун ўтиб, ота-онаси, Шаҳзод ва унинг бир ўртоғи нотариусга боришган. У ерга кейин Санжар Каримов ҳам келган. Олимбоева ва ота-онаси нотариусда имзо қўяётган ҳужжатлари гаров эмас, олди-сотди шартномаси эканини кўришган. Аммо Шаҳзод уларни ҳужжатга тезроқ имзо қўйишга ундаган. Шу тариқа, уй расмий равишда олди-сотди шартномаси билан Санжар Каримов номига ўтган. Жамиланинг айтишича, улар нотариусда ҳам, ундан кейин ҳам қўлларига пул олишмаган.

Каримовнинг ўзи уйни барча оила аъзоларининг ихтиёрий розилиги билан расман 240 минг долларга сотиб олганини айтган. Рисматовга нисбатан фирибгарликнинг бир нечта эпизодлари бўйича қўзғатилган жиноят иши судга юборилган ва у 21 ноябр куни 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Жабрланувчи Алибоевлар оиласи адвокатлари Шаҳзод Рисматов иши бўйича кўрсатмаларда иштирок этаётган блогер Санжар Каримовнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилди. Судя илтимосномани қаноатлантириб, прокурорни хабардор қилишга қарор қилди. Шундан кейин, 2025 йил 28 ноябр куни Санжар Каримов қамоққа олинди ва унга нисбатан қатор моддалар бўйича айблов қўйилди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид