Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити» пойгага қайтди. Кун ўйинлари
«Манчестер Сити» йирик ғалабага эришган ўйинда Ҳусанов қайдномага ҳам киритилмади, Туркияда эса Шомуродов ва Файзуллаев биттадан гол урди.
Фото: Simon Stacpoole/Offside/Offside via Getty Images
Англия: «Борнмут» ЕЧЛга чиқмоқчи
«Ливерпул» – «Челси» 1:1
Голлар: Гравенберҳ, 6 (1:0). Фернандес, 35 (1:1)
«Ливерпул»: Мамардашвили, ван Дейк, Конате (Гомес, 77), Керкез, Жонс, Макаллистер, Гравенберҳ, Собослаи, Нгумоҳа (Исак, 67), Фримпонг, Гакпо (Киеза, 77)
«Челси»: Йергенсен, Колвилл, Фофана, Ҳато, Гюсто, Сантос (Жеймс, 63), Кайседо, Фернандес, Кукуреля, Палмер, Жоао Педро
Огоҳлантиришлар: Гомес, 88. Макаллистер, 90 – Ҳато, 67. Фернандес, 73. Кукуреля, 83. Кайседо, 89
«Ливерпул» ва «Челси» учрашуви – АПЛнинг бу туридаги энг ёрқин ўйинлардан бўлиши кутилганди. Расман икки жамоа ҳам Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашмоқда. Фарқи шуки, биринчиси амалда ўзи учун йўлланмани деярли нақд қилган, иккинчиси эса фақат назарий имкониятга эга.
Бунгача «Челси» АПЛда қаторасига олти ўйинда ютқазган ва тарихий антирекорд арафасида эди (лондонликлар 1952 йилдан буён илк бор қаторасига етти ўйинда мағлуб бўлган). Қолаверса, шу куни Нету, Эстевао, Гарначо ва Гиттенс каби қанот ҳужумчиларидан фойдалана олмаган «Челси» бу позицияга ҳимоячи Кукуреляни туширди.
«Ливерпул» кутилганидек ўз майдонидаги ўйинни кучли бошлади ва олтинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Гравенберҳ жарима майдони ташқарисидан туриб тўпни тўсин остидан дарвоза тўрига киритди.
Лекин таркибдаги муаммоларга қарамай, меҳмонлар сафардан очко олиб қайтадиган бўлишди. 34-дақиқада лондонликлар етакчиси Энцо Фернандес жарима зарбасини ижро этди, тўп ҳеч кимга тегмасдан Мамардашвили қўриқлаётган дарвозага бориб тушди – 1:1.

Иккинчи бўлимда ҳисоб ўзгармай қолди, «Ливерпул» барибир тўртинчи ўринни ўзида сақлаб қолди, «Челси»нинг вазияти эса оғирлашди. Бир томондан, лондонликлар АПЛдаги мағлубиятли сериясига барҳам берди, бошқа томондан, бу дуранг еврокубоклар йўлланмаси учун курашда ёмон натижа ҳисобланади. Кўклар тўққизинчи ўринда қолди, аммо тур якунларига кўра турнир экваторининг иккинчи қисмига тушиб кетиши мумкин.
«Сандерленд» – «Манчестер Юнайтед» 0:0
«Сандерленд»: Руфс, Алдерете, Мукиеле, Мандава, Гертрейда, Садики, Чака, Ле Фе, Талби (Ангуло, 79), Ҳюм (Майенда, 90), Бробби
«Манчестер Юнайтед»: Ламменс, Магуайр, Мартинес, Шоу, Мазравий, Маунт, Майну, Бруну Фернандеш, Куня, Диалло (Мбемо, 75), Зиркзе (Доргу, 65)
Огоҳлантиришлар: Маунт, 54. Зиркзе, 58. Куня, 90
Турнир мотивациясига эга бўлмаган «МЮ» «Сандерленд» майдонида барча жабҳаларда ортда қолди ва биринчи бўлимнинг ўзида дарвозаси томон 10 бор зарба йўлланишига йўл қўйиб берди. «Қизил иблислар»нинг шу кунги энг яхши футболчиси Ламменс бўлди, белгиялик дарвозабон шанба кунги ўйинда Xg бўйича 2,07 кўрсаткичида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
У улгурмаган ҳолатларда эса жамоа жонига дарвоза устуни ора кирди. Майкл Кэррик шогирдлари фақат ўйин охирига бориб фаоллашди ва бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштирди. Аммо Матеус Куня аввалига қулай позицияда туриб, мезбонлар дарвозабони Руфсни алдай олмади, кейин эса пеналти ишлашга уриниб, сариқ карточка билан жазоланди.
Якунда қаторасига уч ғалабадан кейин очко йўқотган бўлса-да «МЮ» учинчи ўринни ҳеч кимга бермайди, «Сандерленд»нинг еврокубоклар (Конференциялар лигаси) йўлланмаси учун курашдаги имкониятлари эса пасайиб кетди.
«Брайтон» – «Вулверҳэмптон» 3:0
Голлар: Ҳиншелвуд, 1 (1:0). Данк, 5 (2:0). Минте, 86 (3:0)
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Де Кейпер (Марч, 88), Ферди Кадиўғли, Балеба (Айяри, 76), Грос, Ҳиншелвуд (Костулас, 88), Митома (Велтман, 58), Минте, Уэлбек (Рюттер, 76)
«Вулверҳэмптон»: Бентли, С. Буэно, Т. Гомеш, Москера, Андре, Гомес (А. Гомеш, 89), У. Буэно (Волфе, 46), Педро Лима (Р. Гомеш, 67), Армстронг, Мане (Беллегард, 67), Ҳванг Ҳи Чҳанг (Арокодаре, 89)
Огоҳлантиришлар: Митома, 24 – Ҳванг Ҳи Чҳанг, 49. Андре, 68
«Фулҳэм» – «Борнмут» 0:1
Гол: Райан, 53 (0:1)
«Фулҳэм»: Лено, Басси, Андерсен, Робинсон, Кастан (Куси-Асаре, 83), Кэрни (Кинг, 76), Лукич, Смит-Роу (Диоп, 46), Чуквуэзе (Бобб, 62), Уилсон (Кевин, 62), Родригу Мунис
«Борнмут»: Петрович, Сенеси, Ҳилл, Трюффер, Смит, Скотт (Тот, 90+1), Кристи, Крупи (Брукс, 79), Таверне (Адли, 78), Райан (Юнус Унал, 79), Эванилсон (Адамс, 43)
Огоҳлантиришлар: Родригу Мунис, 50. Лукич, 59. Робинсон, 77. Кинг, 82 – Скотт, 65. Таверне, 90
Четлатишлар: Кристи, 41. Андерсен, 45
Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётган «Борнмут» ва «Брайтон»да эса ЕЧЛга чиқиш учун ҳам назарий жиҳатдан имкониятлар сақланиб қолмоқда. Лекин барчаси ушбу жамоаларнинг ўз қўлида эмас, аммо жамоалар ўзига боғлиқ ишларни бажаришмоқда.
«Брайтон»нинг ўйини тезкор гол билан бошланди, 35-сониядаёқ Ҳиншелвуд АПЛнинг жорий мавсумдаги энг тезкор голга муаллифлик қилди. 5-дақиқага келиб «Вулверҳэмптон» Данкдан ҳам гол ўтказиб юборди ва амалда ўйин масаласи ҳал бўлди. Ўйин охирида Минте яқин бурчакни аниқ нишонга олиб, якуний натижани ўрнатди.
«Борнмут»да эса барчаси бироз қийинроқ кечди. Жамоа биринчи бўлим охирларида озчилик бўлиб қолди, аммо бир неча дақиқа ўтиб вазият тенглашди: аввалига Кристи қўпол подкат учун қизил карточка олганди, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда «Фулҳэм» ҳимоячиси Андерсен ҳам шундай ҳаракати учун жазоланди. Ўйиннинг иккинчи бўлими «10 га 10» форматида кечди ва Райан қарши ҳужумлардан бирини гол билан якунлади. Ушбу бразилиялик истеъдоднинг саъй-ҳаракатлари орқали меҳмонлар иккинчи голни уриши ҳам мумкин эди, аммо Трюффер унинг узатмасидан кейин дарвоза томон зарба йўллаганида ҳимоячи қаҳрамонлик кўрсатди.
Бой берилган вазиятлар ўйин охирида меҳмонларга қимматга тушиши мумкин эди, аммо қўшимча дақиқаларда мезбонлар футболчиси Кинг йўллаган зарбадан кейин тўп тўсиндан қайтди. Мавсум якунида жамоани тарк этишини эълон қилиб улгурган Андони Ираола амалда «Борнмут» учун тарихда илк бор еврокубокларда иштирок этишни кафолатлади. Аммо жамоа айнан қайси турнирга йўлланма олиши аниқ эмас. Бу турдаги ўз ўйинини якшанба куни ўтказадиган «Астон Вилла» билан орадаги фарқ уч очкони ташкил этмоқда. Аммо «Астон Вилла» Европа лигаси финалида ғолиб чиқса ва бешинчи ўринни сақлаб қоладиган бўлса, АПЛ учун ажратилган йўлланмалар сони олтитага етади ва олтинчи ўриндаги «Борнмут» ҳам ЕЧЛ иштирокчисига айланиши мумкин бўлади.
«Манчестер Сити» – «Брентфорд» 3:0
Голлар: Доку, 60 (1:0). Ҳоланд, 75 (2:0). Мармуш, 90+2 (3:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Аке, Гейи, О`Райли, Матеус Нунес, Рейндерс (Мармуш, 60), Бернарду Силва, Шерки (Фоден, 60), Доку (Савио, 90), Семенё, Ҳоланд
«Брентфорд»: Келлеҳер, Айер, Коллинз, Люис-Поттер, Кайоде, Ҳики (Янелт, 61), Йенсен, Дамсгор (Уаттара, 68), Ярмолюк (Ҳендерсон, 79), Шаде, Тиаго
Огоҳлантиришлар: Бернарду Силва, 36. О`Райли, 74. Матеус Нунес, 88. Мармуш, 90 – Айер, 80. Ҳендерсон, 88
Душанба кунги ўйинда «Эвертон» майдонида очко йўқотган (3:3) «Манчестер Сити» чемпионлик пойгасида ташаббусни «Арсенал»га қайтарганди. «Шаҳарликлар» бундай вазиятда хато қилишга ҳаққи йўқ эди ва «Брентфорд»га қарши ўйинда ташаббусга эгалик қилди, меҳмонлар эса мудофаани мустаҳкам ушлаб, стандарт вазиятларга таянди. Мезбонлар биринчи бўлимдаги қатор вазиятларидан фойдалана олмади, бўлимдаги энг кўп муҳокама қилинган вазият эса айнан мезбонлар дарвозаси олдидаги ҳолат бўлди.
Биринчи бўлим ўрталарида «Брентфорд» ҳужумчиси Кевин Шаде дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб бораётганида ортдан етиб келган Нунес томонидан тўхтатилди, аммо ҳакамлар бу вазиятда фол қайд этишмади, VAR ҳам аралашмади.

Яна бир эпизодда эса «Сити» сардори Бернарду Силва рақиб ҳимоячисини очиқчасига урди, аммо ҳакам сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди.

Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар қатор хавфли ҳужумлар уюштиришди, жамоа тўпурари Игор Тиаго яқин масофадан зарба берди, аммо Доннарумма ишончли ҳаракат қилди. Ўйиннинг бир соат вақти ортда қолаётганида эса «Сити» барибир ўз мақсадига эришди. Доку жарима майдонида рақибнинг совғасидан фойдаланиб, тўпга эга чиқди ва уни олис бурчакка айлантириб йўналтирди. Кейин эса Фоденда жуда яхши вазият юзага келди (Келлеҳер қутқарди), Шаде жарима майдони ичида яна ўша Нунес билан контактдан кейин йиқитилди, ҳакам яна эътибор қаратмади. 75-дақиқада эса Ҳоланд чемпионатдаги 26-голини уриб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Мармуш ҳисобни йириклаштирди. Хосеп Гвардиола шогирдлари бу ғалаба орқали ҳамон чемпионлик учун курашда эканини намойиш этди ва якшанба куни «Арсенал» «Вест Ҳэм» билан ўйинда очко йўқотишини кутади.
Шу куни Гвардиола ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни қайдномага ҳам киритмади. Бу ёш футболчи «Эвертон» билан ўйинда кичик жароҳат олгани ва мураббий таваккалчилик қилмасликка қарор қилгани билан изоҳланган.

Испания: Бешинчи ўрин учун кураш
«Атлетико» – «Селта» 0:1
Гол: Иглесиас, 62 (0:1)
«Атлетико»: Облак, Хименес (Ле Норман, 20, Варгас, 69), Ганцко, Руджери, Пубил, Коке, Баэна (Кубо, 69), Лукман (Молина, 60), Лиоренте, Гризманн (Алмада, 61), Сёрлот
«Селта»: Раду, Лаго, Алонсо, Родригес, Мориба, Лопес, Мингеса (Ристич, 89), Нунес (Каррейра, 68), Дуран (Ҳутгла, 68), Сведберг (Алварес, 77), Иглесиас (Аспас, 68)
Огоҳлантиришлар: Баэна, 66 – Мориба, 19. Лопес, 77
«Атлетико» ЕЧЛни тарк этганидан кейин ҳафсаласини йўқотди ва мавсумни шунчаки якунлаб қўйиш учун ўйнамоқда. Шанба кунги ўйин мадридликлар учун амалда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмасди, «Селта» эса ҳамон ЕЧЛга йўлланма берувчи бешинчи ўрин учун имконият сақлаб қолмоқда. Якунда очко кўпроқ керак бўлган жамоа ғалабага эришди, ўйин тақдирини Сведбергнинг жарима майдонига берган узатмаси ва у ерда тўпга эга чиққан Борха Иглесиас аниқ ҳаракат қилиши ҳал этди. Галисияликлар муҳим ғалабадан кейин бешинчи ўриндаги «Бетис» билан орадаги фарқни уч очкога қисқартирди.
«Реал Соседад» – «Бетис» 2:2
Голлар: Антони, 39 (0:1). Аззалзулий, 47 (0:2). Оскарссон, 79 (1:2). Ойярсабал, 90+1 – пеналти (2:2)
«Реал Соседад»: Ремиро, Чалета-Цар, Хон Мартин, С. Гомес, Элустондо (Каррера, 77), Горротчатеги, Солер (Марин, 54), Барренечеа, Кубо (Сучич, 54), Оскарссон, Ойярсабал
«Бетис»: Валес, Лиоренте, В. Гомес, Родригес (Белерин, 69), Руибал, Алтимира (Амрабат, 69), Рока, Пабло Форналс (Иско, 69), Аззалзулий, Антони (Рикелме, 59), Эрнандес (Деосса, 78)
Огоҳлантиришлар: Барренечеа, 62. Оскарссон, 83 – Руибал, 64. Лиоренте, 90
Четлатиш: Руибал, 90 (иккинчи сариқ)
Сан-Себастяндаги ўйинни эса ҳар икки жамоа вазиятларни кўкка совуриш билан бошлади. Аввалига Антони яккама-якка вазиятга чиқиб бориб, аниқ зарба бера олмади, кейин эса «Реал Соседад»нинг икки футболчиси «Бетис» дарвозабони қаршисига чиқиб борган ҳужум Оскарссоннинг ноаниқ паси туфайли йўққа чиқди. Танаффус арафасида дарвоза устуни меҳмонларни голдан қутқариб қолди, жавоб ҳужумида эса Антони ҳисобни очди.
Иккинчи бўлим бошида Аззалзулий ҳисобдаги фарқни иккитага оширди. Марокашлик ҳужумчи қанотда ўзини таъқиб қилаётган ҳимоячини ортда қолдириб, жарима майдонига кириб борди ва айланма зарба ижро этди. Аммо бу гол ҳам, Горрочатегининг голи офсайд туфайли бекор қилиниши ҳам баскларни синдира олмади. Аввалига Оскарссон айбини ювиб, ҳисобни қисқартирди. 90-дақиқада эса Ойярсабал пеналтини аниқ ижро этиб, меҳмонларни муҳим очколардан маҳрум этди.
Бу дуранг бешинчи ўрин учун курашни кескинлаштирди ва «Бетис» мавсум якунига уч тур қолганида «Селта»дан узоқлашиб кетолмади.

Туркия: «Галатасарой» яна чемпион
«Галатасарой» – «Анталяспор» 4:2 (0:1)
Голлар: Лемина, 56, Осимҳен, 66, пен., 88, Ойхон, 90+4 – Дикмен, 45+3, 62
«Галатасарой» Туркия чемпионатнинг 33-тури доирасида «Анталяспор»ни 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, муддатидан олдин чемпионликни расмийлаштирди. Истанбулликлар сафида Лемина ва Ойхон биттадан гол урди, Виктор Осимҳен дубл қайд этди.
Шу тариқа, «Галатасарой» мавсум якунига бир тур қолганида очколари сонини 77 тага етказди, иккинчи ўриндаги «Фенербаҳче» (73) эса сўнгги тур натижаларидан қатъи назар, биринчи ўринга чиқа олмайдиган бўлди. Бу «Галатасарой» учун қаторасига 4-, тарихдаги 26-чемпионликка айланди.
«Бошоқшеҳир» – «Самсунспор» 3:0
Голлар: Шомуродов 6 пеналти, Сари 43, Файзуллаев 78
«Бошоқшеҳир»: Муҳаммад, Омер Али, Дуарте, Опоку, Казимжон, Креспо, Кемен, Юсуф, Ҳарит (Файзуллаев, 70), Бертуғ (Зелке, 24), Шомуродов.
Туркия чемпионатининг 33-турида «Бошоқшеҳир» ўз майдонида «Самсунспор»ни қабул қилди. Ўйиннинг 6-дақиқасида мезбонларнинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов пеналтини аниқ ижро этиб, ҳисобни очди. Бўлим охирларида эса унинг узатмасидан кейин Сари иккинчи голни урди.
30 ёшли ҳужумчи шу куни чемпионатдаги голлари сонини 21 тага етказди ва энди тўпурарлар пойгасидаги Пол Онуачуни битта гол фарқи билан таъқиб этмоқда.
Шу куни «Бошоқшеҳир» сафидаги яна бир ўзбекистонлик футболчи Аббосбек Файзуллаев ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди ва ҳисобни йириклаштирди (3:0).
Бу ғалабадан кейин истанбулликлар жамоаси очколари сонини 54 тага етказиб, 6-ўринда бормоқда. Сўнгги турни сафарда «Газиантеп»га қарши бўлиб ўтади.
