Ўзбекистон | 08:47
1638
1 дақиқада ўқилади

Австрия ўзбекистонликлар учун янги иш ўринлари очмоқчи

Австрия қишлоқ хўжалиги соҳасига Ўзбекистондан малакали мутахассисларни жалб қилиш ва улар учун янги иш ўринлари яратиш имкониятларини муҳокама қилди. Айниқса, мева-сабзавотчилик, маҳсулотларни қайта ишлаш ҳамда виночилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Фото: Дунё

Вена шаҳрида Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов Австриянинг Бургенланд федерал ўлкаси Қишлоқ хўжалиги палатаси президенти Николаус Берлакович ҳамда LANSKY, GANZGER, GOETH + Partner халқаро юридик фирмаси вакили Клаус Вёлфер билан учрашув ўтказди.

Музокаралар чоғида Австрия қишлоқ хўжалиги тармоқларига ўзбекистонлик малакали ишчиларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзбек мутахассислари учун янги иш имкониятларини яратиш ва меҳнат ҳамкорлигини ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.

Николаус Берлакович Австрия ушбу йўналишда Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистонда сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш тажрибасини ўрганиш, хусусан, Австриядан олиб келинган қорамолларни парваришлаш ва кўпайтириш усулларига қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида томонлар аграр соҳада ҳамкорликни янада кучайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни Австрия қишлоқ хўжалиги тизимига жалб қилиш бўйича мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид