Жаҳон | 20:13 / 19.05.2026
1956
2 дақиқада ўқилади

Дунё янги глобал пандемия остонасида турибди – ЖССТ ва GPMB

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) кўмагида Глобал тайёргарлик мониторинги кенгаши (GPMB) 18 май куни «Дунё хавф остида: Пандемияга чидамли келажак учун устувор вазифалар» номли янги ҳисоботни эълон қилди.

Фото: Игорь Зарембо/РИА Новости

Мутахассислар огоҳлантирмоқда: навбатдаги глобал пандемия хавфи ортиб бормоқда, дунёнинг унга тайёргарлиги эса пасаймоқда.

Ҳисоботнинг асосий хулосалари:

  • Юқумли касалликларнинг тарқалиши тез-тез ва ҳалокатли тус олди. Уларнинг саломатлик, иқтисодиёт ва жамиятга таъсири кучаймоқда, жамиятнинг тез тикланиш қобилияти эса пасаймоқда.
  • COVID-19 пандемиясидан кейинги ислоҳотлар етарли бўлмади. Пандемия жамғармаси ташкил этилгани, ЖССТ янги дастурлари ва пандемия келишуви бўйича музокаралар олиб борилаётганига қарамай, тараққиёт ўсиб бораётган хавф-хатарлардан ортда қолмоқда.
  • Камбағал мамлакатларда вакциналар, тест ва дори-дармонлардан фойдаланиш имконияти секинлашди. Масалан, Mpox'га қарши вакциналар муҳтож мамлакатларга деярли икки йилдан сўнг етиб борди - бу коронавирус давридагига қараганда секинроқ.
  • Геосиёсий кескинлик, иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши, оммавий миграция ва институтларга бўлган ишончнинг пасайиши дунёни янада заифлаштирмоқда.

«Биз ҳар бир инқироздан янада бўлинган ҳолда, илм-фан ва ҳокимиятга бўлган ишончга путур етказган ҳолда чиқяпмиз. Бу бизнинг навбатдаги таҳдидга жамоавий тайёргарлигимизни сезиларли даражада заифлаштиради», деб таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Ҳимоя учун учта асосий устувор йўналиш таклиф қилинган:

  • Сунъий интеллект ва турли соҳалардан (соғлиқни сақлаш, экология, иқтисодиёт) олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда пандемия хавфини мониторинг қилишнинг мустақил тизимини яратиш.
  • Вакциналарни минтақавий ишлаб чиқариш ва технологияларни узатиш орқали қарши чоралардан адолатли фойдаланишни таъминлаш.
  • Барқарор ва тезкор молиялаштириш - шу жумладан «нолинчи кундан» бошлаб жавоб бериш механизмлари.

Бу дунё учун нимани англатади?

Мутахассисларнинг таъкидлашича, COVID-19 пандемиясидан кейинги сезиларли сармояларга қарамай, дунё сезиларли даражада хавфсиз бўлмади. Кейинги пандемия янада қутбланган, қарзга ботган ва камроқ жипслашган жамиятга зарба бериши мумкин.

Ҳисобот Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 79-сессияси арафасида эълон қилинди ва мамлакат раҳбарларини аниқ ҳаракатларга ундашга қаратилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид