Жаҳон | 18:50
401
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ ҳантавируснинг дунё бўйлаб тарқалиш хавфи пастлигини маълум қилди

Бу вирус ҳақиқатан ҳам хавфли, лекин фақат касалликка чалинганлар учун.

Фото: AP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) MV Hondius круиз лайнерида қайд этилган ҳантавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши эҳтимоли пастлигини маълум қилди, деб хабар берди 8 май куни Le Figaro газетаси.

«Бу вирус ҳақиқатан ҳам хавфли, лекин фақат касалликка чалинганлар учун. Сайёра аҳолиси учун хавф жуда пастлигича қолмоқда», деди ЖССТ вакили Кристиан Линдмайер Женевада журналистларга.

Айни пайтда MV Hondius круиз лайнерининг уч йўловчиси ҳантавирусдан вафот этган: нидерландиялик эр-хотин ва Германия фуқароси.

Беш киши ҳантавирусга ижобий тест топширган. Тахмин қилинган яна учта ҳолат ҳали тасдиқланмаган. Шу билан бирга, Жанубий Африкада вафот этган аёл ва реанимация бўлимида даволанаётган британияликда ҳантавирус штамми - Андес вируси аниқланган. Ҳантавируснинг фақат ушбу тури одамдан-одамга юқади, деб таъкидлади мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Ғарб матбуоти ушбу штамм Лотин Америкасида, жумладан, круиз бошланган Аргентинада тарқалганини таъкидламоқда.

Ҳозир бортида 150 нафарга яқин йўловчи бўлган кема Канар оролларига йўл олмоқда ва у ерга 9 май куни етиб бориши кутилмоқда. Испания ҳукумати кемани эпидемиологик текширув ва тўлиқ дезинфекция ўтказади.

Ҳантавирус — кемирувчилардан одамга (каламуш, сичқон) юқадиган РНК вируслар гуруҳидир. Одамдан одамга деярли юқмайди (кам учрайдиган Андес штамми бундан мустасно).

Белгилари (1-8 ҳафтадан кейин): юқори ҳарорат, кучли бош ва мушак оғриғи, сўнгра нафас қисилиши ёки буйрак муаммолари. Даволаш учун махсус препарат йўқ. Ўлим даражаси ўртача 5-15 фоиз, аммо шифохонага эрта ётқизилганда имкониятлар яхши.

Вирус янги эмас - 1970 йиллардан бери маълум, шунчаки янгиликларда камдан-кам учрайди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид