Иқтисодиёт | 15:11
2192
5 дақиқада ўқилади

Гўшт баҳоси: туманлар кесимида нархлар қандай?

Жорий йилнинг 13 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича 1 кг мол гўштининг ўртача энг юқори нархи Яккасарой туманида — 139 минг 600 сўм, энг паст нархи эса Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида — 94 минг 300 сўм қайд этилди. Фарғона водийсида энг арзон нархлар Хонобод туманида 112 минг 500 сўм бўлса, энг қиммати Тўрақўрғон туманида 135 минг сўм. Айрим ҳудудлардаги нархларда катта тафовутлар мавжуд. Масалан, Навоий вилоятининг иккита қўшни тумани Томди (95 минг 500 сўм) ва Учқудуқда (137 минг 500 сўм) 1 кг мол гўштининг ўртача баҳоси 42 минг сўмга фарқ қиляпти.

Ўзбекистонда гўшт нархининг қимматлашгани аҳолининг кундалик харажатларига сезиларли таъсир кўрсатди. Айниқса, мол гўшти нархининг тез-тез ўзгариши нафақат истеъмолчилар, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, инфляция ва аграр сиёсат самарадорлиги масалаларини ҳам кун тартибига олиб чиқди. Статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, апрель ойида қўй гўшти — 3,7 фоизга (2025 йил апрел ойига нисбатан +20,3 фоиз), суякли мол гўшти — 3,2 фоизга (+16,6 фоиз), суяксиз мол гўшти — 3,2 фоизга (+17,3 фоиз), гўшт қиймаси — 2,9 фоизга (+14,1 фоиз) қимматлашган. Хўш, вилоятлар ва туманлар кесимида энг қиммат гўшт қаерда сотиляпти? Kun.uz 13 май ҳолатига кўра, Марказий банк томонидан эълон қилинган нархларни таҳлил қилди. 

Водий вилоятлари

Наманганда ўртача олинганда мол гўшти баҳоси — 129 минг 400 сўм. Вилоятда энг қиммат гўшт Тўрақўрғон туманида (135 минг сўм), энг арзони эса Наманган шаҳрида (120 минг сўм) қайд этилган.

Фарғона вилоятида мол гўштининг ўртача баҳоси Наманганга нисбатан арзонроқ — 121 минг 700 сўм. Вилоят миқёсида энг арзон гўшт Сўхда —115 минг сўм, энг қиммати эса Марғилон шаҳрида — 133 минг 200 сўм.

Водийдаги энг арзон гўшт Андижонда — 119 минг 900 сўм. Вилоят миқёсида Хонободда ўртача нархлар 112 минг 500 сўм бўлса, Андижон шаҳрида 130 минг сўмни ташкил этган. Умуман олганда, Андижон вилоятининг 9 та туманида нархлар 120 минг сўмдан арзонроқ.

Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилояти

Пойтахтда 1 кг мол гўштининг ўртача баҳоси — 129 минг 100 сўм. Энг паст нарх Бектемирда — 120 минг 700 сўм, энг юқори нарх Яккасаройда — 139 минг 600 сўм. 

Тошкент вилоятида ўртача нарх пойтахтга нисбатан арзонроқ — 121 минг 400 сўм. Вилоят миқёсида энг паст нарх Пискент туманида — 109 минг 200 сўм, энг баланд нарх эса Тошкент туманида — 133 минг сўм. Умуман олганда, Тошкент вилоятининг 4 та туманида нархлар 115 минг сўмдан арзонроқ шаклланган. 

Сирдарёда ўртача нархлар — 123 минг 300 сўм. Энг паст нарх Гулистон шаҳрида — 116 минг 200 сўм, энг баланди эса Сардобада — 133 минг 900 сўм. 

Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари

Жиззах вилоятида ўртача нарх — 129 минг 600 сўм. Вилоятда энг арзон гўшт Жиззах шаҳрида — 118 минг 400 сўм, энг қиммати Зоминда – 135 минг 800 сўм. 

Самарқандда ўртача нархлар Жиззахга нисбатан арзонроқ — 125 минг 500 сўм. Вилоят миқёсида энг арзон гўшт Булунғурда — 115 минг 700 сўм, энг қиммати эса Каттақўрғонда — 134 минг 500 сўм.

Навоийда 1 кг мол гўштининг баҳоси — 120 минг 600 сўм. Энг паст нарх Томдида — 95 минг 500 сўм, энг юқори нарх Учқудуқда — 137 минг 500 сўм. Иккита қўшни туманда нархларнинг 42 минг сўм ёки 44 фоизга фарқ қилаётгани таажубли ҳолат. 

Бухорода ўртача нарх — 114 минг 500 сўм. Энг қиммат гўшт Жондорда —130 минг сўм, энг арзони эса Қоракўлда — 104 минг 500 сўм.

Қашқадарё ва Сурхондарё

Қашқадарёда ўртача гўшт нархи — 115 минг 100 сўм. Бунда энг паст кўрсаткич Косонда — 105 минг 200 сўм, энг юқори кўрсаткич эса Деҳқонободда — 126 минг 300 сўм.

Сурхондарёда 1 кг мол гўштининг баҳоси – 120 минг 900 сўм. Энг паст нарх Ангорда – 111 минг 700 сўм, энг юқори нарх Термизда – 132 минг 700 сўм.

Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикаси

Хоразмда ўртача гўшт нархи — 112 минг 900 сўм. Бунда энг паст кўрсаткич Янгибозорда — 107 минг 500 сўм, энг юқори кўрсаткич эса Гурланда — 119 минг 500 сўм.

Қорақалпоғистонда 1 кг мол гўштининг баҳоси – 104 минг 800 сўм. Энг паст нарх Мўйноқда — 94 минг 300 сўм, энг юқори нарх Тўрткўлда – 114 минг 100 сўм.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид