Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Советлардан қолган “ёдгорлик” – Кубадаги АЭС нега битмай қолганди?
Бир пайтлар “Озодлик ороли” деб таъриф берилган ва мақталган Кубада бугун вазият таҳликали. АҚШ Кариб ҳавзасида жойлашган бу орол-давлатдаги коммунистик тузумни ағдариш пайида бўляпти. Ўз даврида шов-шувли тарзда социализм йўлидан кетган Кубада советлар АЭС қурилишини бошлаганди. Бироқ ишлар чала қолади ва бугун битмай қолган объектлар ўша даврдан ёдгорлик сифатида қад ростлаб турибди. Хўш, Кубадаги АЭС қурилиши нега битмай қолганди?
Бугун Куба энергия инқирозини бошидан ўтказаётган дунёдаги кам сонли давлатларнинг бири ҳисобланади. Орол-давлатдаги энергия инқирозига АҚШнинг 2026 йил 2 январдан 3 январга ўтар кечаси Венесуэлада ўтказган махсус амалиёти сабаб бўлди дейиш мумкин.
Ўшанда АҚШ ҳарбийлари Венесуэла пойтахтидаги саройда бўлган мамлакат президенти Николас Мадурони қўлга олиб, уни рафиқаси билан бирга АҚШга олиб кетишади.
Венесуэлада ҳокимият вице-президент Делси Родригезга ўтади ва у АҚШ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлади. Шундан сўнг АҚШ томони талаби билан Венесуэла Кубага нефт бермай қўйди.
Кубада электр энергия асосан иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқарилади ва уларнинг асосий ёқилғиси нефт қолдиғи бўлган мазут ҳисобланади. Венесуэла нефт бермай қўйгач, оролда энергия инқирози юзага келди.
Куба тарихига назар ташланса, бу давлатда қазилма бойликлар жуда камлигини ва у азалдан четдан келадиган энергоресурсларга боғланиб қолганини кўриш мумкин.
Бир пайтлар Кубани иқтисодий ва сиёсий томондан қўллаган СССР орол-давлатдаги энергия тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш учун АЭС қурилишини бошлайди. Аммо ишлар охирига етмайди.
АҚШ Кубада АЭС қурмоқчи бўлганми?
1950-йилларда Кубани АҚШ билан дўстона алоқалар ўрнатган Фулхенсио Батиста бошқарарди. 1950-йилларнинг иккинчи ярмида АҚШда биринчи АЭС қурилиши старт олади.
Кўп ўтмай америкаликлар Кубада ҳам АЭС қуришга қизиқа бошлайди. Жумладан, 1956 йилда АҚШ ва Куба ўртасида Атом энергиясидан фуқаролик мақсадларида фойдаланиш бўйича ҳамкорлик битими имзоланади.
Бироқ 1959 йилда Кубада давлат тўнтариши амалга оширилади ва Батиста ағдариб ташланади. Ҳокимият тепасига Фидел Кастро бошчилигидаги коммунистик тузум тарафдорлари келади.
Шундан сўнг АҚШ ва Куба ўртасидаги ҳамкорлик барҳам топади. Ҳатто 1961 йилда АҚШ Ҳаванадан ўз элчиларини олиб чиқиб кетади ва дипломатик алоқалар ҳам узилади.
Маълумот учун, АҚШ ва Куба ўртасидаги дипломатик алоқалар орадан 54 йил ўтиб, 2015 йилда қайта тикланади.
Кубада коммунистик тузум ўрнатилгач, орол-давлат энди СССР билан яқин ҳамкорга айланади ва советлар у ерга арзон нефт етказиб бера бошлайди. Яъни Куба энергоресурслар бўйича СССРга қарам бўлиб қолади.
Кубада АЭС қурилиши бошланиши
1975 йилда СССР ва Куба ўртасида Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича шартнома имзоланади. 1976 йилда эса икки давлат ўртасида Кубада қуввати 440 мегаватт бўлган иккита атом реакторини қуриш бўйича шартнома имзоланади.
Советлар аввалига Кубада тўртта реактор қурмоқчи бўлишади. Бироқ кейинроқ режа ўзгаради ва оролда иккита реактор қуришга қарор қилинади. Иккита реакторли АЭС битганда Куба энергия эҳтиёжининг 20 фоизини қондирарди.
Балки ўшанда советлар Кубадан тўртта реакторнинг пулини ундириш қийин бўлишини ҳисобга олгандир. Ёки тўртта реакторни қуриш жуда узоқ муддат талаб қилиниши режаларни ўзгартиргандир.
АЭСни қуриш учун Куба жанубий марказида жойлашган Сиенфуэнос провинциясидаги Хурагуа қишлоғи танланади. Гарчи шартнома 1976 йилда имзоланган бўлса-да, АЭСни қуриш ишлари орадан қарийб 8 йил ўтгач, 1983 йилда бошланади. Совет мутахассислари унгача Хурагуа қишлоғи ёнида АЭС ишчилари учун шаҳарча тиклайди.
Маълумотларга кўра, АЭС қурилишида бир вақтнинг ўзида 2 мингдан ортиқ мутахассис ишлаган. Улар орасида советлар Болгария ва Германия демократик республикасидан олиб борган ишчилар ҳам бўлган.
АЭС қурилиши учун ишлатилган барча қурилиш материаллари СССРдан ташилади. Куба томонидан қурилишга масъул сифатида мамлакатдаги таниқли физик олим Диас-Баларта тайинланади.
Ўша пайтда биринчи реактор 1990-йиллар бошларида ишга туширилиши белгиланганди. Бироқ совет давлати парчаланиб кетгач, Кубадаги АЭС қурилиши тўхтаб қолади.
Россиянинг Кубадаги АЭСни давом эттиришдан бош тортиши
1991 йил августда СССР парчаланиб кетади, Кубадаги АЭС қурилишида ишлаб турган совет ишчилари, муҳандислари ва бошқалар ортга қайтади.
Ўша пайтда АЭС ректорининг бири битиш арафасида, иккинчисида ишларнинг 50 фоиздан ортиғи бажарилганди. Биринчи реакторга турли ускуналар ўрнатилса, у ишлаши ҳам мумкин эди.
Россия коммунистик тузумдан воз кечиб, бозор муносабатларига асосланган бошқарувга ўтади. Шунингдек, бошқа собиқ иттифоқдош республикалар билан иқтисодий алоқалар узилиб қолиши оқибатида Россияда иқтисодий инқироз бошланади.
Ана шундай шароитда Россия Кубага АЭС қурилишида ёрдам бера олмаслигини айтади ва бошқа ҳамкор излаши лозимлигини маълум қилади.
Шундан сўнг Куба Россия томони маслаҳати ортидан энергетик лойиҳалар билан дунёга танилган “Сименс” ва “Шкода” каби компанияларга таклиф билан чиқади.
Кубаликлар бу икки компанияга мурожаат қилишининг сабаблари бор эди. “Шкода” Чехияники эди ва Куба бу давлат билан социалистик лагерда бирга бўлган, дўстона алоқаларга эга эди.
“Сименс” компанияси эса СССР билан анча йиллар ҳамкорлик қилган ва советлар томонидан 1970-йилларда Финландияда қурилган АЭСга турли ускуналар етказиб берганди.
1992 йилда “Сименс” вакиллари Кубага бориб, АЭСни кўздан кечиради ва унинг битган ректорига ускуналар ўрнатиб беришга рози бўлади. Бироқ томонлар тўлов масаласида келиша олмайди.
“Сименс” ўз хизматини 21 млн долларга баҳолайди. Бироқ бу пулни на музокара жараёнида кафил бўлган Россия, на Куба тўлаб беролмайди. Шу тариқа “Сименс” лойиҳани тарк этади.
1992 йил сентябрда Куба раҳбари Фидел Кастро АЭС қурилиши тўхтатилганини эълон қилади. Ўшанда у иккита реакторни ишга тушириш учун 1,1 млрд доллар керак бўлишини, бироқ бундай миқдордаги пул Кубада йўқлигини, Россия эса қарз бериб тура олмаслигини айтади.
Россиянинг Кубадаги АЭСга қизиқишлари
1995 йилда Россия атом энергетикаси вазирлиги Кубадаги АЭС қурилиши 1998 йилда қайта бошланиши ҳақида эълон қилади. Бу сафар руслар оролдаги АЭС битишига “Сименс”, Ансалдо” ва Франция энергетика компанияси молиявий ёрдам беришини айтади.
Бироқ юқорида номлари келтирилган компаниялар Россия атом энергетикаси вазирлиги томонидан тарқатилган хабарда асос йўқлигини айтиб чиқади.
Ўша пайтда АЭСни тўлиқ ишга тушириш учун камида 750 млн доллар керак бўларди. 1997 йилда Фидел Кастро АЭС қурилиши тўхтатилганини ва Куба бу мавзуга қайтмаслигини таъкидлайди.
2000 йил декабрда Россия президенти Владимир Путин Кубага ташриф буюради ва АЭС қурилишини тугатиш учун Россия 800 млн доллар қарз бериши мумкинлигини айтади. Бироқ Фидел Кастро буни рад этади.
Ўшанда Ҳаванада ўтган музокараларда Путин Кубадан совет даврида берилган қарзларни қайтариш масаласини ҳам кўтаради. Айримлар Путин ўша пулларни Кубадан тезроқ ундириш учун АЭС қурилишига 800 млн берамиз деб ёлғон ваъда берган дейишади.
Бу гапда ҳам жон бор, Куба совет даврида берилган қарзларни қайтаришдан бош тортгач, Россия Путин томонидан орол-давлатга ваъда қилинган 800 млн долларни бермади.
Кубадаги “атомшаҳарча” ва АЭСнинг ҳозирги ҳолати
Тепароқда советлар Кубада АЭС қурилиши арафасида олдин шаҳарча барпо этгани ҳақида айтиб ўтгандик. Бу шаҳарчада кўплаб 5 ва 7 қаватли уйлардан ташқари, рус тилига ихтисослашган мактаб, боғча, магазин ва спорт майдончалари ҳам қурилади.
СССРдан Кубага бориб ишлаган аксарият совет мутахассислари у ерда бир неча йил оиласи билан яшайди. Уларнинг болалари боғчага ва мактабга қатнайди.
СССР парчаланиб, совет мутахассислари ортга қайтгач, бўшаб қолган уйларга кубаликлар кўчиб киради. Ҳозирги пайтда шаҳарчада ҳаёт давом этмоқда.
Энди АЭСга келсак, иккита реактор бир муддат советлар қандай қуриб кетган бўлса, ўша аҳволда сақланиб туради. Кейин қаровсиз қолади.
2004 йилда АЭСдаги асосий трубина демонтаж қилинади ва Кубадаги ИЭСларнинг биридаги ишдан чиққан трубина ўрнига олиб бориб ўрнатилади.
Сўнгги йилларда Кубадаги АЭСга халқаро атом энергетикаси агентлиги вакиллари ташриф буюриб, ташландиқ ҳолатдаги объектнинг атроф-муҳитга таъсирини ўрганмоқда, вазиятни назорат қилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, АЭС қурилиши – бу осон иш эмас. Атом реакторларини барпо этиш жуда катта маблағ талаб қилади, қурилиш ишлари узоқ муддат давом этади.
Кубадаги АЭСга келсак, чала қолган қурилишнинг тақдири келажакда нима бўлишини аниқ айтиш қийин. Бироқ тахмин қилиш мумкин, улар ҳеч қачон битмаса керак. Чунки ярим хароба ҳолга тушган объектни тиклашдан кўра янгисини қурган осонроқ.
Мавзуга оид
09:05
Покистон: АҚШ ва Эрон келишув матни бўйича келишиб олди
22:34 / 12.06.2026
Тулси Габбард АҚШ биолабораториялари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилди
20:26 / 12.06.2026
Трампнинг шов-шувли смартфони Хитой телефонининг тўлиқ нусхаси бўлиб чиқди
20:03 / 12.06.2026