Спорт | 12:06
1459
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия футбол федерациясига ўртоқлик ўйини учун пул тўланмайди — ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоаси 8 июн куни Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказади. Ижтимоий тармоқларда ушбу беллашув учун Ўзбекистон томони Нидерландия футбол федерациясига 300 минг доллар миқдорида маблағ тўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. ЎФА ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Ўзбекистон миллий жамоаси 8 июн куни АҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида Нидерландияга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Ижтимоий тармоқларда ушбу беллашув учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан Нидерландия миллий жамоасига 300 минг доллар миқдорида маблағ тўланиши ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, ЎФАнинг терма жамоалар бўлими собиқ раҳбари Шерзод Игамбердиев Нидерландияга қарши ёпиқ эшиклар ортида ўтадиган назорат баҳси учун 300 минг доллар миқдорида маблағ сарфланаётгани ҳақида ёзди.

Ибрагимов Камерун, Коста-Рика, Боливия, Венесуэла, Россия, АҚШ, Мексика, Уругвай ва Канада терма жамоаларига қарши ташкил этилган учрашувлар учун ҳеч қандай маблағ тўланмагани, аксинча, мазкур ўйинлар орқали 525 минг доллар пул ишлаб топилганига урғу берди.

ЎФА тарқалган хабар юзасидан изоҳ бериб, 300 минг долларлик тўлов ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

 «Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилади. Мазкур ўртоқлик учрашуви учун Нидерландия футбол федерациясига ҳеч қандай маблағ тўланмайди.

Учрашувни ташкил этиш билан боғлиқ стадион ижараси, хавфсизлик, трансляция ҳамда бошқа ташкилий харажатлар эса томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ тенг тақсимланади. Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси халқаро ўртоқлик ўйинларини ташкил этишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва амалдаги халқаро тартиблар асосида иш олиб боради.

Шу муносабат билан мухлислар, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакилларидан ёлғон ахборотларга ишонмасликларини сўраймиз», — дейилади ЎФА хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид