Жаҳон | 17:10 / 21.05.2026
1544
3 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Эрондаги уруши Еврозонада иқтисодий ўсишни секинлаштирмоқда

Европа Комиссияси Евроҳудуд иқтисодиёти бўйича прогнозларини кескин пасайтирди. Брюсселга кўра, Эрон атрофидаги уруш ва энергия нархларининг ошиши Еврозонада иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Йил охирига бориб инфляция 3 фоизга етиши мумкин.

Фото: Nicolas Guyonnet / Hans Lucas / AFP / Getty Images

Комиссия 21 давлатдан иборат Евроҳудуд иқтисодиёти (евро валютасидан фойдаланадиган давлатлар) 2026 йилда атиги 0,9 фоизга ўсишини прогноз қилмоқда. Бу аввалги 1,2 фоизлик прогноздан ҳам, 2025 йилги 1,4 фоизлик кўрсаткичдан ҳам паст. 2027 йил учун ўсиш прогнози эса 1,4 фоиздан 1,2 фоизга туширилди, дея ёзади Financial Times.

Инфляция эса ошиши кутилмоқда. Брюссел ҳисоб-китобларига кўра, Еврозонада нархлар ўсиши бу йил 3 фоизга етади. Ўтган йили бу кўрсаткич 2,1 фоиз бўлган эди. Янги прогноз Европа Марказий банкининг 2 фоизлик таргетидан анча юқори.

Европа Комиссияси энергия бозоридаги вазиятни асосий хавф сифатида кўрсатмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши фонида нефт ва газ нархлари қимматлашди, глобал таъминот занжирларида узилишлар юзага келди. Бу эса Европа саноати ва аҳолиси харажатларини ошириб юбормоқда.

Европа Иттифоқининг иқтисодиёт бўйича комиссари Валдис Домбровскис можаро Европа учун навбатдаги катта энергетик зарба бўлганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Брюссел янада ёмонроқ сценарийни ҳам ҳисоблаб чиққан. Агар Яқин Шарқдаги можаро давом этса ва Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташиш тикланмаса, иқтисодий ўсиш прогнози деярли икки баравар қисқариши мумкин. Бундай ҳолатда инфляция ҳам янада тезлашади.

Янги прогнозларга кўра, Европанинг йирик иқтисодиётлари ҳам секинлашмоқда:

  • Германия иқтисодиёти бу йил 0,6 фоизга ўсиши кутилмоқда (аввалги прогноз 1,2 фоиз эди);

  • Италия прогнози 0,8 фоиздан 0,5 фоизга туширилди;

  • Франция учун прогноз 0,9 фоиздан 0,8 фоизга камайтирилди.

Ирландия эса бу йил иқтисодий қисқариш кузатилиши кутилаётган Евроиттифоқнинг ягона аъзоси бўлиши мумкин. Прогнозга кўра, мамлакат иқтисодиёти 1,2 фоизга қисқаради.

Европа Комиссияси Эрон атрофидаги урушни сўнгги олти йил ичидаги учинчи йирик иқтисодий зарба деб атади. Бунгача коронавирус пандемияси ва Россиянинг Украинага бостириб кириши Европа иқтисодиётига жиддий босим қилган эди.

Шунингдек, давлат қарзлари ҳам ошишда давом этмоқда. Еврозонада давлат қарзининг ЯИМга нисбати бу йил 90,2 фоизга етиши кутилмоқда. 2027 йилга бориб эса бу кўрсаткич 91,2 фоизга чиқади.

Брюссел прогнозига кўра, 2027 йилга келиб Италия Еврозонанинг энг қарздор давлатига айланиши мумкин. Мамлакат давлат қарзи ЯИМнинг 139,2 фоизига етади. Ҳозир бу борада биринчи ўринда бўлган Грецияда эса кўрсаткич 134,4 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Айни пайтда Франциядан келаётган янги иқтисодий маълумотлар ҳам вазият ёмонлашаётганини кўрсатмоқда. Май ойида мамлакатдаги бизнес фаоллиги индекси 66 ойлик минимумга тушди. S&P Global иқтисодчиси Же Ҳаес бу кўрсаткичлар Францияда рецессия хавфи сезиларли равишда ошаётганидан дарак беришини айтган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид